Сафарлар

Жўшқин Гужарат: Ҳиндистон ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва фармацевтика соҳаларида инновацион ҳамкорликни кенгайтиради

Жўшқин Гужарат: Ҳиндистон ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва фармацевтика соҳаларида инновацион ҳамкорликни кенгайтиради

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Ўзбекиcтон ҳукумати делегацияси таркибида Ҳиндистоннинг Гандинагаре шаҳрида бўлиб ўтган “Жўшқин Гужарат” 9-халқаро инвестиция саммитида иштирок этди.

Музокаралар натижасида Инновацион ривожланиш вазири И. Абдураҳмонов, Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари С.Ходжаев, Андижон вилояти ҳокими Ш. Абдураҳмонов ҳамда Гужарант штатининг давлат корпорацияси Gujarat Agro Industries Corporation Ltd. раҳбари К.С. Рандхава агро-кластер ташкил этишга келишдилар. Ҳиндистоннинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги инновацион технологиялари, илғор агротехник тадбирларини юртимизда жорий қилиш, тажриба ўртоқлашиш мақсадида ҳамкорлик ришталари боғланди.

 

 

19 январь куни эса Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ҳайдарободнинг Геном водийсида фаолият юритадиган “Bharat Biotech International” компанияси раҳбари Венкатраман Сиварамакришнан билан Ўзбекистонга вакциналар ишлаб чиқариш технологияларини трансфер қилиш ҳамда юртимизда юқори сифатли ва арзон вакциналарни ишлаб чиқариш бўйича узоқ муддатли ҳамкорлик қилишга келишдилар.

 Миссисипи штати билан инновацион ҳамкорликка келишилди

10-14 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси делегацияси Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигида АҚШнинг Миссисипи штатига ташриф буюрди.

Делегация аъзолари сафидаги Инновацион ривожланиш ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари “Valmont Industries, Inc.” компанияси раҳбарлари билан учрашиб, тўғридан-тўғри инвестициялар асосида тажрибада синалган илғор технологияларни қўллаган ҳолда Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалик майдонларида сув ресурсларининг сарфини “ақлли технологиялар назорати”ни амалга оширувчи инновацион суғориш тизимларини яратиш ҳақида келишувга эришилди. Биринчи босқичда фермерлик хўжалигининг 100 гектарли экин майдонида пилот лойиҳаси амалга оширилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири И. Абдураҳмонов Миссисипи штатидаги “Innovate Mississippi” Инновацион уюшма президенти Т.Джэфф билан учрашиб, инновациялар, илм-фан ва технологиялар соҳасидаги томонларнинг илмий-тадқиқот бирлашмалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.

 

Инновацион ривожланиш вазирлиги Иннополис тажрибасини ўрганди

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги масъулларидан ташкил топган делегация Татаристон Республикасининг Иннополис шаҳрига ташриф буюрди.

Ўзбекистон делегацияси Иннополис шаҳрининг алоҳида объектлари билан танишиши давомида Иннополис Университетининг раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув натижаларига кўра Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари в.б. Шароф Ражаббаев ва Иннополис Университетининг проректори Искандер Бариев ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоладилар.

 

Ўзбекистон-Венгрия: инновацион ва илмий соҳаларда ҳамкорликка келишилди

 

Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров жорий йилнинг 5-6 март кунлари Венгрия пойтахти Будапештда бўлган венгр-ўзбек иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишида ҳамда бизнес-форумда Ўзбекистон делегацияси таркибида иштирок этди.

Бизнес-форумда Венгриянинг етакчи тадбиркор ва ишбилармон доиралари билан учрашувлар ўтказилди. Хусусан, “SLA AKKU” илмий –тадқиқот компанияси вакиллари билан қайта тикланадиган энергия манбалари учун батареялар ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорлик бўйича музокаралар ўтказилди. Шунингдек, “MULTIMEX” компанияси билан мижозларга хизмат кўрсатиш марказларида навбатни электрон бошқарув тизимини Ўзбекистонга жорий этиш, “Central Europe Trust” компанияси билан Венгриянинг венчур компанияларининг тажрибасини ўрганиш, “CERP” инновацион кластери билан пластик чиқиндиларни қайта ишлаш корхонасини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

 

Вазирлик ҳодимлари Россиянинг кластерлар, технопарклар ва махсус иқтисодий зоналар бўйича тажрибаси Ўзбекистонга жорий этади

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг ходимлари кластерлар, технопарклар ва махсус иқтисодий зоналарни яратиш ва фаолиятини бошқариш тажрибасини ўрганиш мақсадида Россия Кластерлар ва технопарклар уюшмасида бир ҳафталик стажировка ўтаб келдилар.

Ўзбекистонлик делегация, шунингдек, “Технополис “Москва” махсус иқтисодий зонага ташриф буюрдилар, “Композиты без границ” кластери фаолияти билан танишдилар. Бундан ташқари РФ Давлат Думаси депутати Денис Кравченко ва Россия Саноат-савдо вазирлиги ходимлари билан учрашувлар бўлди. Улар кластерлар, технопарклар, очиқ иқтисодий зоналар фаолиятини ҳуқуқий таъминоти борасида Россия ҳукуматининг ҳамкорлиги, давлат томонидан уларни қай даражада қўллаб-қувватланиши ҳақида сўзлаб бердилар.

Бизнес-бирлашмаларнинг фаолиятини делегация аъзолари “Технопарк-Липецк” технопарки ҳамда “Липецкмаш” кластери тажрибасида ўрганган бўлсалар, “Санкт-Петербург” технопаркининг бошқарув компанияси ходимлари технопарк резидентлари ва бўлимларининг фаолияти борасида тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Делегациянинг бир ҳафталик сафари “Санкт-Петербург” Кластер ривожланиш маркази ва “Санкт-Петербург” очиқ иқтисодий зонасига ташрифи билан якунланди.