Янгиликлар

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари вазирлик эътиборида

Мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш соҳасига давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида қараб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунининг янги таҳрири давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан мурожаатларнинг самарали кўриб чиқилишини ташкил этиш бўйича ҳуқуқий асос бўлди.

Мазкур Қонун мансабдор шахсларнинг ҳар қандай масалалар, шу жумладан ўз ваколатларига кирмайдиган масалалар бўйича мурожаат этилганда қабулни рад этишга ҳақли эмаслиги, улар томонидан сайёр шахсий қабуллар, шунингдек оммавий қабуллар ташкил этилиши тартибини белгилаганлиги билан аҳамиятлидир.

Яна бир аҳамиятли жиҳати, мурожаатларни ахборот-коммуникация технологиялари воситасида бериш ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган. Шу билан бирга, қонунда жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш жадваллари ва уни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тўғрисидаги ахборот, шунингдек, қабул қилиш тартибини давлат органлари расмий веб-сайтларида эълон қилиш, уларнинг маъмурий биносида ҳамма кириши мумкин бўлган жойлардаги стендларга ёки бошқа техник воситаларга жойлаштириш орқали манфаатдор шахслар эътиборига етказиш ҳам назарда тутилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилган, мурожаатлар билан ишлашнинг самарали фаолиятини таъминлаш, келиб тушган мурожаатларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилишини ташкил этиш бугунги кунда барча давлат органларининг асосий вазифаларидан биридир.

Инновацион ривожланиш вазирлигида ҳам жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш масаласи энг устувор фаолият йўналишлардан бири ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни талабларидан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги 341-сон қарорида белгиланган тартиб-таомилларга асосан мурожаатлар билан ишлаш тизимли йўлга қўйилган.

Вазирликка 2021 йилнинг ўтган биринчи ярим йиллигида жисмоний ва юридик шахслардан жами 636 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг 122 таси Президент виртуал қабулхонаси орқали ва 514 таси тўғридан тўғри вазирликка мурожаат шаклида ёки бошқа идора ва ташкилотлар орқали келиб тушган.

Келиб тушган мурожаатларнинг 584 таси жисмоний шахслардан, 52 таси юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлардир.

Мурожаатларнинг 105 таси ёзма, 285 таси оғзаки, 246 таси электрон мурожаатлардир.

Келиб тушган мурожаатларнинг 593 таси (яъни 93 %) вазирлик аппаратида кўриб чиқилиб, 43 таси (7 %) тааллуқлилиги бўйича бошқа идора ва ташкилотларга юборилган.

Вазирликда кўриб чиқилган мурожаатларнинг 460 таси (78 %) қаноатлантирилган, 133 та (22 %) мурожаат бўйича тушунтириш берилган.

Вазирликка келиб тушган 593 та мурожаатларнинг 256 таси (43%) яъни энг кўп қисми Тошкент шаҳри улушига тўғри келса, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан 334 та, бошқа давлатлардан 5 та мурожаат келиб тушган.

Вазирликка келиб тушган мурожаатларнинг:

82 таси ишланма, лойиҳа, ихтиро ва бошқаларни амалиётга татбиқ этиш юзасидан;

110 таси ишланма, лойиҳа, ихтиро ва бошқаларни молиявий қўллаб-қувватлаш юзасидан;

125 таси турли соҳаларга оид таклифлар, 86 таси давлат илмий-техника дастурлари доирасидаги танловлар юзасидан;

107 таси докторантура ва илмий даражаларга оид масалалар;

8 таси марказлар қуриш, лойиҳаларни амалга ошириш учун ер ажратиш юзасидан;

23 таси вазирлик билан ҳамкорлик қилиш юзасидан;

52 таси бошқа масалалар юзасидан мурожаатлардир.

Республика ҳудудларида илм-фан намоёндалари, олимлар, тадқиқотчилар ва ёшлар билан 4 маротаба сайёр учрашувлар ўтказилиб, уларда кўтарилган қатор масалалар ижобий ҳал этиб келинмоқда.

Жумладан, Бухоро вилоятида ўтказилган сайёр қабулда фуқаро, Н.Садуллоевнинг «Кичик қувватли истеъмолчилар учун Ўзбекистон иқлим шароитларига мос шамол энергетик қурилмасини яратиш» лойиҳаси 2021 йил 8 майдаги 9-сон Ҳайъат йиғилиши қарорига асосан умумий молиялаштириш ҳажми 500,0 млн.сўм бўлган икки йиллик лойиҳа молиялаштиришга тавсия этилди;

2021 йил 14 июндаги 16-сон Ҳайъат йиғилиши қарорига асосан, “Novator chorvador” МЧЖнинг «Бухоро вилоятида гранулали омухта ем ишлаб чиқариш»ни ташкил этиш бўйича тижоратлаштириш лойиҳасини молиялаштиришга 454 млн. сўм ажратилди.

Шунингдек мазкур Ҳайъат йиғилишида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Бухоро филиали томонидан ишлаб чиқилган «Интенсив боғларни тупроқ ичидан суғоришнинг сув тежамкор техника ва технологияси» амалий лойиҳасига 209,9 млн. сўм маблағ ажратишга қарор қилинди.

Фуқаро, Н.Аҳмедованинг «Артрит билан касалланган беморларни ультратовуш орқали даволаш учун клиник синовлар натижаларига кўра силнейлон матоли қўлқопнинг тажриба намунасини яратиш» лойиҳаси, Ф.Жўраевнинг «Интенсив боғларни тупроқ ичидаги суғоришнинг сув тежамкор технологиясини ишлаб чиқиш» лоqиҳаси ҳамда Н.Нуралиевнинг «Умуртқалараро диск чуррасини даволашда фойдаланиш учун “SASH” таянч корсетини яратиш» лойиҳалари вазирликнинг Илмий техник кенгашларида муҳокама этилиб ижобий натижалар билан кейинги босқичга тавсия этилди.

Ўтган давр мобайнида, Инновацион ривожланиш вазири И.Абдураҳмонов томонидан 112 та жисмоний ва юридик шахслар шахсий қабулда қабул қилиниб, фуқароларнинг барча мурожаатларига ижобий ечим топиб берилди.

Жумладан, 2021 йилнинг 21 май куни бўлиб ўтган Инновацион ривожланиш вазирлигининг 13-сон Ҳайъати йиғилишида фуқаро Т.Ахмедовнинг «Фарғона водийси шароитида ток, мевали дарахтлар ва сабзавот ўсимликларининг йирик генетик ресурсларини тирик ҳолда сақлаш, иқлимлаштириш ҳамда биотехнология асосида етиштириш ва кўпайтиришнинг интенсив агротехнологияларини яратиш» лойиҳаси 485,8 млн. сўмга, Н.Мирзаевнинг «Сорго ва сориз (гуруч ва маржумакнинг ўриндоши) маҳсулотларини етиштиришнинг интенсив технологияси» стартап лойиҳаси 1 млрд. 500 млн. сўмга молиялаштирилди.

2021 йил 14 июндаги 16-сон Ҳайъат йиғилишида А.Амановнинг «Кузги юмшоқ буғдой навлари бирламчи уруғчилик тизимини такомиллаштириш ва жорий этиш» мавзусидаги стартап лойиҳаси умумий молиялаштириш суммаси – 467,8 млн. сўмга молиялаштирилди.

Шунингдек, «Microstandart Universal» МЧЖнинг «Микрон иссиқлик энергияси» қурилмаси ва «ICECREAMLAND» МЧЖнинг “Диабетик, парҳезбоп, спортчилар учун, терапевтик желато (жаҳон стандартлари бўйича қўлда тайёрланадиган музқаймоқ) ишлаб чиқариш учун маҳаллий сабзавотлар, мевалар, доривор ўтлар ва ўсимликлардан 100 дан ортиқ турдаги хомашё ва қўшимчалар ишлаб чиқаришга қаратилган инновацион импорт ўрнини босувчи стартап лойиҳаси” cтартап лойиҳалари вазирликнинг «Стартаплар» бўйича Илмий-техник кенгашга хулоса олиш учун юборилди.

Тошкент кимё-технология институти докторанти М.Зокированинг Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида амалий ҳамда инновацион лойиҳалар танловининг 25-турига топширган лойиҳасини «Фармакология ва фармацевтика фанлари» бўйича Илмий техник кенгашнинг қарори юзасидан шикояти инобатга олиниб, «Фармакология ва фармацевтика», «Кимё фанлари, кимёвий технологиялар ва нанотехнология» ва «Техника» фанлари бўйича Илмий техник кенгашларнинг қўшма йиғилишида қайта кўриб чиқишга юборилди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби техника фанлари доктори профессор Э.Қосимовнинг «Мактабгача таълим ташкилотларида болаларни эркин касб танлашга йўналтириш бўйича «Ақлли боғча» инновацион моделини яратиш» лойиҳаси юзасидан «Филология, психология ва педагогика фанлари» йўналиши бўйича Илмий-техник кенгаш чиқарган қарор устидан шикоятига жавобан 2021 йил 8 июль санасида вазир И.Абдураҳмонов раҳбарлигида бир марталик Илмий-техник кенгаш йиғилиши ўтказилди.

Ижро аппарати

етакчи мутахассиси Б.Иноятов