Янгиликлар

Замонавий бионик протез қўллар Тошкентда

 

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази ва “Сколково” инновацион марказининг резиденти - Россиянинг “Моторика” инновацион маркази билан ҳамкорликда жорий йилнинг 11 июль куни Тошкент шаҳридаги Протезлаш ва ортопедия марказида ногиронлиги бор шахслар учун бионик протез қўллар ўрнатиш амалиёти бўлиб ўтди.

Тадбирнинг юртимизда ўтказилиши соҳа ривожи учун муҳим қадамлардан бири бўлди. Ногиронлиги бор шахсларга бионик протез қўлларни ўрнатиш амалиёти ҳар бир мижозга индивидуал тарзда ёндашган ҳолда, олган жароҳатига кўра, 3D технологиясини қўллаш орқали амалга оширилди. Ногиронлиги бор бўлган қорақалпоғистонлик Хўжабаев Тенгелбай 2015 йили иш жараёнида бахтсиз ҳодиса туфайли қўлларидан ажралган. Бугунги амалиёт натижасида у нафақат қўлларига эга бўлди, балки эртанги кунга ишончи, орзу-умидлари ортди. Энди ўзи ҳар бир соғлом одам каби кийиниш, овқатлана олиш имкониятига эга бўлганидан жуда ҳам хурсанд.

Шунингдек, тадбирга ташриф буюрганлар Москвалик тажрибали мутахассислардан бепул маслаҳат олиш, бионик протез қўллар ишлаш жараёнини кузатиш ва шунингдек, бионик қўллар фойдаланувчилари билан бевосита мулоқот қилиш имконига эга бўлдилар.

Шу ўринда айтиб ўтмоқчимизки, 2017 йилдан Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги “Яшнобод” технопарки резидентлигини олган Mingbaevʼs Academy of Robotics компанияси Ўзбекистонда илк бор инсон қўлининг бионик протезини ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. 2017 йил декабрь ойида юртимизда илк бионикпротез қўл беморга қўйилди. Роботлаштирилган бионик протезлар 3D-принтерда чиқарилади, бу эса унинг нархини анча арзонлаштиради.