Янгиликлар

Ёшлар академияси халқаро ҳамкорликни йўлга қўймоқда

11 ноябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академиясининг ишчи органи бўлмиш Иқтидорли ёшлар билан ишлаш бошқармаси ҳамда Европа Ёшлар академияси – Young Academy of Europe ҳамкорликда видео-конференц-алоқа ўтказди. Томонлар “Тадқиқотлар келажаги: Plan S таъсирини баҳолаш” (“The future of research: assessing the impact of Plan S”) мавзусида муҳокамалар олиб бордилар.

Plan S – бу йирик 12 та Европа давлатларининг йирик тадқиқот агентликлари, миллий жамғармалари ва ҳомийлари томонидан ташкил этилган “cOAlition S” консорциуми томонидан илгари сурилган ташаббусдир. 2018 йилнинг 4 сентябрида эълон қилинган мазкур ташаббусда илмий тадқиқотлар натижаларини очиқ эълон қилиш имкониятини берадиган платформа яратиш кўзда тутилган. “cOAlition S” (S — science — илм-фан, OA — open access — очиқ фойдаланиш, coalition — бирлашма) ташкилотининг асосий мақсади 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб давлат грантлари ҳисобидан молиялаштирилган ёки молиялаштирилаётган илмий тадқиқотлар натижаларини очиқ фойдаланиш мумкин бўлган журналларда чоп этиш ёки махсус платформаларга жойлаштиришдир.

Тадбирда Ёшлар академияси ва халқаро ташкилотлар ўртасида ўзаро алоқаларини ўрнатиш, мамлакат илм-фани ривожига ҳисса қўшиш йўлида фаолият олиб бораётган ёш олимларни қўллаб-қувватлаш, дунё ҳамжамияти даражасига олиб чиқиш, илмий инновацион фаолиятни ривожлантириш, жумладан, нуфузли илмий журналларда нашр фаоллигини ошириш, илмий тадқиқот натижаларининг очиқлигига эришиш каби муҳим масалалар ўзаро муҳокама қилинди.

Суҳбат жараёнида Young Academy of Europe ходимларидан бири Мангала Шринивас хоним ташкилот ҳамкорлик қилишга тайёрлигини алоҳида таъкидлади. 2020 йили Европа илмий ташкилотлари орасида ўтказиладиган халқаро саммит ва бошқа муҳим тадбирларга Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси аъзоларини таклиф этди.

Мазкур тадбирнинг ўтказилиши Республикамизда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш йўлида қўйилган халқаро даражадаги амалий қадамлардан ҳисобланади.