Янгиликлар

Ёш мутахассислар нодир металлар бўйича Корея тажрибасини ўрганадилар

Жорий йилнинг 14 ноябрь куни Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров КИРАМ институти вакиллари ва “Олмалиқ КМК” АЖ таркибидаги Ўзбек-Корейс илмий-технологик марказида фаолият юритаётган ёш олим ва муҳандислар билан учрашди.

“Олмалиқ КМК” АЖнинг Ўзбек-Корейс илмий-технологик маркази ва Янги технологиялар марказий лабораторияси ходимлари 15 ноябрь куни Кореянинг КИРАМ институтида қисқа муддатли – 21 кун давом этадиган стажировкани ўтаб келишади. Стажировкага кетаётган ёш мутахассисларнинг 10 нафари Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан кетаётган бўлса, ўн нафари эса КИРАМ институти ҳисобидан ўз малакаларини ошириб қайтади. Қисқа муддатли стажировка давомида ёш тадқиқотчилар нодир металлар учун мўлжалланган ўлчов ва ишлаб чиқариш ускуналари билан танишади ҳамда Кореянинг металлургия соҳасидаги етакчи компаниялари фаолиятини ўрганадилар.

КИРАМ институтининг таклифига кўра, Ўзбек-Корейс илмий-технологик маркази раҳбари Амир Обидов ҳам Кореяга ташриф буюриб, марказни ускуналар билан жиҳозлашнинг иккинчи босқичи ҳақида музокаралар олиб боради.

2019 йил апрель ойида “Олмалиқ КМК” АЖ таркибида ташкил этилган Ўзбек-Корейс илмий-технологик марказига ўтган вақт мобайнида нодир металларни олиш бўйича ноёб ускуналар ўрнатилди ва марказ қошида тажриба цехи ҳам ташкил этилди. Айни кунларда марказга Кореядан мутахассислар, муҳандислар ташриф буюриб, марказ ходимларига ускуналар билан ишлашни ўргатишмоқда.

Азимжон Назаров танлов асосида сараланган ёш тадқиқотчиларни ютуқлари билан табриклар экан, улар Ўзбекистоннинг инновация элчилари эканлигини эслатди, ҳамда ҳар бир тадқиқотчи Ўзбекистон илм-фани, инновацион ривожланишига ҳисса қўшадиган янгилик билан қайтишига ишонч билдирди.