Янгиликлар

Халқаро математика олимпиадаси ғолиби Ёшлар академиясига қабул қилинди

Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 8-синф ўқувчиси Саидолимхон Жасурбековнинг Халқаро математика олимпиадасида бронза медалини қўлга киритгани муносабати билан Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов мактабга ташриф буюрди. Сингапур ва АҚШ (MOEMS) ҳамкорлигида Тошкент шаҳридаги Ломоносов номидаги Москва давлат университети филиалида ташкил этилган Халқаро математика олимпиадасида юқори ўринни олган Саидолимхонга вазирликнинг фахрий ёрлиғи ҳамда компьютер совға қилинди.

Вазир янги тузилган мактабнинг илк катта ютуғи билан Саидолимхон Жасурбековни, педагоглар жамоасини, ўқувчиларни ва медаль соҳибининг ота-онасини қутлади. Буюк алломамиз Абу Али ибн Сино номидаги мактаб ўқувчилари катта ютуқларга эришишига ишончи баландлигини, бунинг учун ёшлардан интилиш, катта марраларни кўзлаш ва тинимсиз меҳнат талаб этилишини айтди.

– Сизларнинг барчангиз келгусиуда олий маълумотли, малакали кадрлар бўлиб етишишингиз табиий ҳол. Биз бу мактабнинг ҳар бир ўқувчиси келажакда дунёнинг энг етакчи университетларида таълим олиши керак, деб ҳисоблаймиз. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Бу мактабдан бўлажак Нобель мукофоти лауреатлари чиқиши керак, деган катта мақсадларни олдимизга қўйишимиз керак.

Саидолимхон Жасурбеков Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Ёшлар академияси аъзолигига биринчилардан бўлиб қабул қилинди. Ўз навбатида Инновацион ривожланиш вазирлиги, хусусан, Ёшлар академияси тақдим этадиган имкониятлардан бири – илмий тадқиқотларни бажариш иштиёқига эга иқтидорли ёшларга амалий, инновацион тадқиқотларни олиб боришлари учун шароитлар яратиб берилиши таъкидланди. Мактаб ўқувчилари ФАнинг илмий-тадқиқот марказлари ва институтларида амалиёт ўтказишларига келишиб олинди.

Тадбирда, шунингдек, Саидолимхоннинг она-онаси ҳам иштирок этиб, мактабга қабул жараёни шаффоф ўтгани, ва бу ўз навбатида ўқувчиларнинг кучли контингенти шаклланишига замин яратганини, болалар ўртасидаги соғлом рақобат эса уларнинг янада чуқур билим олишга интилишларига туртки бўлаётганини алоҳида қайд этди.