Янгиликлар

Монолит Тошматов: “Тожмот ўйини болларнинг математик қобилиятини ривожлантиради”

“InnoWeek-2019” инновацион ғоялар ҳафталик доирасида ўтказилган ярмаркада ёш ихтирочиларимиздан бири Манолит Тошматов томонидан яратилган янги ўйин – Тожмот намойиш этилди.

Тожмот фигуралари 0-9 гача рим ва араб рақамлари ҳамда Х —номаълум сон белгиси кўринишида бўлиб, ўйин математик амалларга асосланган. Рақамлар кўринишидаги фигуралар ўйнаш қоидасини тез ўзлаштириб олишини таъминлайди. Шахматдан фарқли равишда бу ўйинда ўйинчилар фигураларни сақлаш, кўпайтириш ёки қайтариш имкониятга эгалар.

Тожмот ўйини мантиқий фикрлашни талаб қилгани боис, ёшларга математика фанини чуқурроқ ўзлаштиришга ёрдам беради. У ўйинчида доимо интилиш, олға юриш, режалар тузиш, кенгроқ, теран фикрлаш ҳамда математик ечимларни тезкорлик билан топиш каби хусусиятларни кучайтиради. Айниқса, кичик ёшдаги болаларга математика фанидаги мавзуларни тушунтиришда Тожмот фойдалидир.

– Ёшлигимдан шахматни ёқтирганман, турнир ва мусобақаларда қатнашиб, совринли ўринлар олардим, – дейди М. Тошматов, –Ақл гимнастикаси сифатида шахматдан фарқ қиладиган ўйин яратиш устида узоқ вақт ишладим.Яратиладиган ўйин янгича кўринишда, янгича доскада, янгича катакларда, янгича фигураларда, янгича юриш йўналишларида ва турли комбинацияларда юришлар амалга ошириладиган бўлиши керак эди. Ва албатта, болаларнинг математик қобилиятларини ривожлантиришга ҳисса қўшадиган ўйин бўлиши муҳим эди. Ниҳоят, 7 йиллик изланишлардан сўнг 2012 йилда “ТОЖМОТ” номли янги ақл гимнастикаси ўйини яратилиб, Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги томонидан муаллифлик гувоҳномаси берилди.

Ушбу ўйин асосчиси Монолит Тошматов ёшлигидан шахматга қизиққан, шахмат бўйича мусобақаларда юқори натижаларга эришган ҳам. 2014 йили Фарғона вилоятида Ўзбек миллий Тожмот федерацияси ташкил этилди. Федерация йиллар мобайнида Тожмот ўйинини кенг жамоатчилик орасида тарғиб қилиш, уни тушунтириш бўйича республикамизнинг турли ҳудудларида (Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Тошкент вилояти, Тошкент шаҳрида) учрашувлар, мусобақалар ўтказиб келди.

Таъкидлаб ўтиш керакки мазкур ўйинни хориж давлатларида ҳам кенг тарғиб қилиш мақсадида кўп ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан,Германия, Хитой, Малайзия, Норвегия, Россияда Тожмот интеллектуал ўйини турли соҳа эгалари ўртасида қизиқиш уйғотди.

Тожмот ўйини математика фани билан боғлиқ бўлгани сабабли Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси В.И.Романовский номидаги Математика институтининг математика соҳаси етук олимлари ҳам ушбу ўйинга катта қизиқиш билдирдилар ва унинг устида илмий изланишлар олиб боришга тайёрликларини билдиришди.

Мазкур ўйинга ёшларни қизиқтириш мақсадида ҳозирда пойтахтимиздаги Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатида Тожмот ўйини муаллифи Монолит Тошматов томонидан тўгарак фаолият олиб бормоқда.