Янгиликлар

Таниқли олим Саъдулла Абдуллаев оламдан ўтди

Инновацион ривожланиш вазирлиги қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор Саъдулла Абдуллаевнинг вафоти муносабати билан таъзия билдиради.

Саъдулла Абдуллаев 1950 йил 3 августда Жиззах вилоятининг Жиззах туманида ишчи оиласида туғилган. 1971 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг «Агрохимик-тупроқшунос» мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Забардаст олим С.Абдуллаев ўзининг илмий-педагогик фаолиятини мазкур университетда бошлаган, 1975-2001 йилларда «Тупроқшунослик» кафедрасида ассистент, катта ўқитувчи, доцент, декан ўринбосари лавозимларида фаолият олиб борган. С.Абдуллаев 2001-2006 йилларда Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот давлат институти директори лавозимида ишлаган. 2011 йилдан ҳозирги вақтгача ЎзМУнинг «Тупроқшунослик» кафедраси профессори сифатида фаолият юритган.

С.Абдуллаев 1975 йилда «Қуйи Зарафшон суғориладиган тупроқлари туз режими» мавзусида қишлоқ хўжалик фанлари бўйича номзодлик диссертациясини, 1995 йилда «Амударё қуйи оқими шўрланган тупроқларни агрофизика асосида мелиорациялаш» мавзусида докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган.

У ҳар йили ўқув илмий-ишлаб чиқариш жараёнида бакалавр ва магистрларга«Тупроқ мелиорацияси», «Ўзбекистон тупроқларининг агрокимёвий тавсифи», «Агрокимёнинг замонавий муаммолари ва концепциялари», «Тупроқшуносликнинг замонавий муаммолари ва концепциялари» курсларидан маърузалар ўқиган. Шу билан бирга барча фанлардан ўқув услубий мажмуалар тайёрлаган.

Устоз ўзининг илмий-педагогик фаолияти мобайнида кўплаб талабалар малакавий битирув ишларига, магистрантлар ва докторантларнинг диссертацияларига ҳамда бир нечта амалий, фундаментал ва инновацион лойиҳаларга бевосита раҳбарлик қилган. Профессор ўзининг охирги илмий тадқиқот ишларида «Жиззах чўли тупроқларини жадал ривожланган деҳқончилик шароитида ўзгариши ва уни унумдорлигини ошириш йўллари» мавзусидаги А7-47 сонли амалий лойиҳа, «Каттақўрғон сув омборининг атроф-тупроқ қопламининг экологик-мелиоратив ҳолатига таъсири ва уни яхшилаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш» мавзусидаги ОТ-А-ҚХ-2018-399 сонли амалий лойиҳага раҳбарлик қилган эди.

2011 йилда устознинг «Тупроқ мелиорацияси» ва «Агрокимё» дарслиги чоп этилган. 2012 йилда ҳаммуаллифликдаги «Тупроқ мелиоратив мониторинги» номли монографияси, 2018 йилда «Ўзбекистон тупроқларининг агрокимёвий тавсифи» ўқув қўлланмаси ҳамда «Тупроқ мелиорацияси ва гидрологияси» дарсликлари ҳам чоп этилган.

С.Абдуллаев илмий раҳбарлигида 2 та фан доктори, 8 та фан номзоди тайёрланган. Бугунги кунда "TUPROQSIFATTAHLIL" давлат унитар корхонасида олимнинг ўнлаб шогирдлари фаолият олиб бормоқда.

Шу кунгача унинг 300 дан ортиқ илмий мақолалари, 3 та дарслик, 6 та монография ва 4 та ўқув услубий қўлланмалари чоп этилган.

С.Абдуллаев Ўзбекистон Миллий университети ва Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти Илмий Кенгаши аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Олий Аттестация комиссияси эксперти аъзоси сифатида ҳамда Ўзбекистон Олий Мажлиси аграр сув хўжалиги масалалари қўмитасида эксперт сифатида ҳам иштирок этиб келган.

Инновацион ривожланиш вазирлиги жамоаси ва раҳбарияти атоқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Абдуллаев Саъдулла Абдуллаевичнинг оила аъзолари, яқинлари, дўстлари ва ҳамкасбларига ҳамдардлик билдиради.

Охиратлари обод бўлсин!