Янгиликлар

Тайинлов

Ҳукумат қарори (262-сон, 03.05.2021 й.) билан Олимжон Алижонович Тўйчиев Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансферининг миллий офиси бош директори этиб тайинланди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 1 апрелдаги ПҚ-5047-сон «Илм-фан соҳасидаги давлат сиёсати ва инновацион ривожлантиришдаги давлат бошқарувини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги марказий аппаратининг янги тузилмаси тасдиқланди. Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази негизида, унинг белгиланган умумий чекланган штат бирликлари ва иш ҳақи жамғармаси доирасида ҳамда амалдаги молиялаштириш тартибини сақлаб қолган ҳолда, давлат муассасаси шаклидаги Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансферининг миллий офиси ташкил этилди.

Миллий офиснинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари:

иқтисодиётнинг реал сектори ва ижтимоий соҳа эҳтиёжларидан келиб чиқиб илмий фаолият натижалари, инновацион маҳсулотлар ва хизматлар, шу жумладан янги қурилмалар, материаллар ҳамда технологияларни яратиш, жорий этиш, кўпайтириш ва уларни тижоратлаштириш;

тижоратлаштириш имкониятига эга ишланмаларни танлаш, баҳолаш ва жорий этишда фаол қатнашиш, уларни тижоратлаштириш учун инвестицияларни жалб қилиш, ушбу йўналишда форумлар, халқаро ярмарка ва кўргазмалар ўтказиш;

илмий, лойиҳа-конструкторлик ва технологик ташкилотларни ишлаб чиқариш ташкилотлари билан илмий ва инновацион соҳада изчил ҳамкорлигини ривожлантириш;

илмий фаолият субъектларига интеллектуал мулк объектлари ва ноу-хаулардан фойдаланиш бўйича консалтинг хизматлари кўрсатиш, илмий-тадқиқот лойиҳаларини шакллантириш, молиявий-иқтисодий ҳисоб-китобларни амалга ошириш ҳамда маркетинг усулларини қўллаш бўйича ўқув ва тренинг курсларини ташкил қилиш;

хорижда ишлаб чиқилган технологиялар трансферини амалга оширишга ва маҳаллийлаштиришга кўмаклашиш.