Янгиликлар

Стартап экотизими шакллантирилади

Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида 2019 йил 30 декабрь куни ўтказилган йиғилишда қайд этилган масалалар ҳар биримизни, шахсан мени, Президентимиз ташаббуси билан ташкил қилинган Инновацион ривожланиш вазирлигининг фаолиятига яна бир бор танқидий назар билан қарашга ундади.

Вазирлигимиз инновациялар билан доимий шуғулланувчи, яқин қўшни мамлакатлар ичида ягона вазирликдир. Айтишим мумкинки, охирги икки йилда илм-фанга эътибор кучайди, илмий лойиҳаларни молиялаштириш ҳажмлари деярли икки баробарга ошди, илмий ходимлар ойлик маошлари кўтарилди, ислоҳотларга мос равишда норматив-хуқуқий базани такомиллаштириб, инновацион ривожланишга катта шарт-шароит яратиб берилди.

Вазирлигимзнирнг икки йиллик фаолияти давомида инновациялар яратилишига катта эътибор қаратдик. Бироқ бугун шуни таъкидлашим жоизки, инновацион иқтисодиётга фақат инновацияни яратиш билангина эришиб бўлмайди. Агар илмий натижаларни жорий қиладиган экотизим ва бозор ташкил қилинмаса, яратилган инновациялар қоғозда қолиб кетади.

Шунинг учун, 2020 йилда давлат буюртмаси сифатида илм-фанни ривожлантириш орқали инновациялар ишлаб чиқилишини таъминлаш билан бирга, бозорни ташкил қилиш ва кейинчалик инновацияларни капитал яратувчи инновацияларга айлантириш учун кичик инновацион стартапларни кенгайтириш устида ишлаймиз.

Бугунда стартап экотизимини шакллантиришимиз муҳим, акс ҳолда илмга сарфлаётган маблағларимиз самарасиз кетади. Президентимизнинг ёшлар билан учрашувида ёшлар билан учрашувда бу вазифани яна бир марта аниқ қилиб белгилаб бердингиз. 2020 йилда “Инновацион фаолият” ҳамда “Стартап тўғрисида”ги қонунларни ишлаб чиқишни режалаштирдик.

Шунингдек, жорий йилда халқаро компаниялар томонидан барча илмий ташкилотлар мустақил “илмий аудит”дан ўтказилиб, уларнинг ҳақиқий имкониятларини ўрганиш ва холис рейтингини шакллантирилади. Рақобат муҳитини шакллантириш учун дунё фанининг янги йўналишлари бўйича хориждаги ватандошлар ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда қатор Миллий лабораториялар ташкил қилинади.

Бундан ташқари, илмий лойиҳаларга ажратиладиган маблағларни 2021 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 0,8 фоизигача оқилона ошириш юзасидан босқичма-босқич чоралар кўрилади. Илмий ишланмаларни тижоратлаштириш учун ажратиладиган Жаҳон банкининг маблағларини жалб қилинади. Ҳудудларда илмий фаолиятни жадаллаштириш мақсадида вилоят ҳокимлари назоратида илмий фаолиятга оид ҳудудий дастурларни шакллантириш ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштиришни ташкил қилиш зарурияти мавжуд. Илмий лойиҳаларни хусусий сектор ва тармоқ ташкилотлари билан тенг шерикликда молиялаштириш амалиётини кенгайтириш чораларини кўриш зарур.

Яна бир муҳим вазифаларимиздан бири – стартап лойиҳаларни молиялаштиришда вазирлик қошидаги жамғарма маблағлари иштирокида хорижий етакчи инвестицион компаниялар билан венчур фондларини ташкил қилиш ва стартап лойиҳаларни соддалаштирилган механизмлар асосида ҳамкорликда молиялаштиришни ташкил қилишдир.

 

Иброҳим Абдураҳмонов

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири