Янгиликлар

Ўзбекистон олимлари Springer Nature электрон ресурсларидан бепул фойдаланишлари мумкин

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва хорижий “Springer Nature” компанияси яқин ҳамкорлик алоқаларини давом эттирмоқда. Ҳамкорлик доирасида имзоланган шартномага асосан юртимиздаги олий таълим муассасаларига ва илмий ташкилотларга 2020 йил 1 январдан бошлаб Springer Nature компанияси электрон ресурсларидан  бепул фойдаланиш имконияти тақдим этилди.

Ушбу имкониятни тақдим этишдан кўзланган асосий мақсад йил давомида хорижий компания журналларидан фойдаланиш, Ўзбекистондаги олий ўқув юртларида ўқув жараёнини ҳамда илмий ташкилотларда тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, Springer Nature ресурслари билан танишиш, Springer Nature компаниясининг рейтинг журналларида Ўзбекистоннинг мақолалар ва китобларининг сифати ва миқдорини ошириш ҳисобланади.

Олий таълим ва илм-фаннинг кучли рақобатбардош тизимини яратиш Ўзбекистон учун муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда илм-фаннинг ролини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратаётгани илғор инновацион ишланмалар ва юқори технологияларни қўллаб-қувватлаш, илмий-амалий тадқиқотларнинг рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Инновацион ривожланиш вазирлиги бу жараёнда илмий тадқиқотлар, юқори технологиялар ва инновацион ишланмалар сифатини ошириш, уларнинг натижаларини иқтисодиётга изчил жорий этишда доимий кўмакчидир.

Жаҳон тажрибасидан маълумки, илмий тадқиқотлар натижаларидан самарали фойдаланиш илм-фанга давлат инвестициялари оқимини кўпайтириб, илмий тадқиқотлар сифати ва натижадорлигини оширади. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатда илм-фан мақомини янги поғонага олиб чиқишга кўмаклашади.

Шунингдек, юртимизда ушбу ресурслардан фойдаланиш истагини билдирган олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар кўплиги ҳамда ушбу ресурслардан фойдаланиш орқали хорижий ҳамкорларни топиш, улар билан биргаликда хорижий грант танловлари доирасида инвестиция жалб қилиш имкониятини ошириш мақсадида вазирлик республикамиз олимлари учун Springer Nature компаниясининг электрон ресурсларига 1 йил давомида бепул фойдаланиш имкониятини тақдим этди.