Янгиликлар

Шифокорлар учун янги имконият!

Инновацион ривожланиш вазирлиги Elsevier компанияси билан 2020 йил давомида 3000 нафар шифокорлар учун ClinicalKey платформасидан фойдаланиш бўйича шартнома имзолади.
Мазкур ресурслардан фойдаланиш қуйидаги вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг қуйи ташкилотлари шифокор ходимлар фойдаланиши учун тақдим қилинди:
- Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги;
- Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси;
- Ўзбекистон Республикаси Президент Администрацияси Тиббиёт бош бошқармаси;
- Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси;
- Миллий олимпия қўмитаси;
- Темир йўллар давлат акциядорлик компанияси;
- Навоий тоғ кон металлургия комбинати;
- Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари федерацияси;
- Соғлиқни сақлаш кутубхонаси.

– Тиббиёт соҳасидаги ташкилотларда фаолият юритаётган мутахассисларга 6 ой давомида Elsevier компаниясининг ClinicalKey платформасидан бепул фойдаланиш асосида электрон ресурсга бўлган эҳтиёж аниқланди, — дейди вазирликнинг Таълим ва соғлиқни сақлашга инновацияларни жорий қилиш ҳамда тадқиқ этиш бошқармаси бошлиғи Бахтинур Худанов. — 6 ойлик синов даври давомида фойдаланувчилар мазкур платформанинг маълумотларидан илмий ва амалий ишларида самарали фойдаланишди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда тиббиёт соҳасидаги олий таълим муассасалари, илмий ташкилотлари томонидан мазкур платформага обуна бўлишлари учун вазирликка кўплаб мурожаатлар келиб тушди. 6 ойлик обуна даврида фойдаланувчиларнинг фаоллигини ва юқоридаги ташкилотлар мурожаатларини инобатга олиб, мазкур ресурсдан фойдаланиш имконияти Ўзбекистонлик шифокорларга тақдим қилинди.

Ўтган давр мобайнида тиббиёт соҳасини ривожлантириш ва уни жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқиш мақсадида қатор ишлар амалга оширилди. 2019 йил муҳтарам Президентимиз томонидан “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилиниши бу борадаги ишларни изчил давом эттиришга туртки бўлди.

Республикамизда соғлиқни сақлаш соҳасидаги илмий ишларнинг сифатини ошириш, илмий фаолиятни далилларга асосланган тиббиёт принципларини қўллаган ҳолда олиб боришларига шароит яратиш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги Elsevier компанияси билан ҳамкорликни янада жадаллаштирди.

ClinicalKey — бу клиник қарор қабул қилишга ёрдам берувчи тизимдир. У ҳар қанақа пайтда ва ҳар қандай қурилмадан бир зумда керакли клиник маълумотларни топиш ва энг қисқа вақтда тўғри қарор қабул қилишга ёрдам беради.

ClinicalKey платформасининг асосий хусусиятлари:

  • 600 дан ортиқ тиббий журналлар базаси;
  • MEDLINE тизимининг тўлиқ индексация қилинганлиги;
  • TopicPagesнинг 1400та бўлимлари;
  • 1100+ тиббий китоблар;
  • 22000+ видеолар;
  • 2500000 тасвирлар;
  • Турли хил клиник тадқиқотлар;
  • 4500+ клиник протоколлар;
  • 350+ муолажалар;
  • Lancet журналининг барча сонлари;
  • Фойдаланувчи интерфейсининг турли тилларда мавжудлиги;
  • iPhone ва Android учун бепул илова;
  • Китоблар боблари ва мақолаларини офлайн ўқиш учун юклаб олиш имконияти;
  • Power Point презентацияларини автоматик яратиш;
  • Маълумотлар омборининг ҳар 24 соатда янгиланиб туриши.

Таъкидлаш жоизки, Elsevier компаниясининг ClinicalKey платформаси шифокорлар учун далилларга асосланган тиббий маълумотларни ўзида сақлаган жаҳон миқёсидаги етакчилардан бири ҳисобланади.

Elsevier компанияси кўп йиллик тажрибага эга йирик компания бўлиб, Европа, Осиё, Шимолий ва Жанубий Американинг кўплаб мамлакатлари ҳукумати билан ҳамкорлик олиб боради ҳамда бу компаниянинг ClinicalKey платформаси соғлиқни сақлаш миллий тизимини такомиллаштиришга ёрдам беради. Ушбу компаниянинг тиббиёт соҳасидаги китоблари, илмий мақолалари, клиник протоколлари, мультимедиа маҳсулотлари дунёнинг кўплаб мамлакатлари тиббиёт соҳасининг миллий стандарти сифатида эътироф этилади.

Фойдаланувчилар фаоллигини таъминлаш ҳамда мазкур ресурсдан самарали ва тўлақонли фойдаланишни ташкил этиш учун 1 ой ноактив бўлган фойдаланувчи аккаунти автоматик равишда ўчирилади ва навбатда турган бошқа фойдаланувчиларга бу имконият тақдим этилади.

Ресурсдан фойдаланиш имкониятини олиш учун давлат ташкилотларида фаолият юритаётган шифокорлар clinicalkey.mininnovation.uz сайти орқали рўйхатдан ўтишлари мумкин.