Янгиликлар

Рақамли иқтисодиёт: муаммолар ва имкониятлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги ва БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида ташкил этилган Инновациялар ва бошқарув ечимлари лабораторияси томонидан “Давлат бошқарувини самарали ривожлантириш ва рақамли трансформацияга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида семинар ўтказилди. Тадбирда вазирликлар, давлат идоралари, қўмиталар вакиллари ва масъул ходимлари иштирок этди.

“Рақамли иқтисодиётнинг дунёда ривожланиш тенденциялари. Ўзбекистонда ривожланиш истиқболлари” мавзусидаги семинарни рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат бўйича халқаро эксперт Даниель Мэнси олиб борди.

Даниель Менси бугунги кунда рақамли иқтисодиёт энг кўп ривожланган мамлакатлар бу АҚШ ва Хитой эканини таъкидлаб, дунё бўйича блокчейн технологияларга доир патентларнинг 75 фоизи айнан шу давлатларга тўғри келишини айтди. Ўз навбатида интернет маҳсулотларининг 50 фоизини шу давлатлар аҳолиси истеъмол қилади.

Блокчейн технологиялари томонларнинг ҳеч қандай воситачисиз битимларни хавфсиз, ишончли амалга оширишга имкон берувчи технологиядир. Уни кўпчилик криптовалюта технологияси сифатида билса-да, аслида блокчейндан рақамли идентификация, эгалик ва мулкий ҳуқуқлар химояси, тўлов тизими сифатида фойдаланиш мумкин. Ethereum каби блокчейн базасида ишлайдиган очиқ манбали платформалар анъанавий ҳуқуқий жараёнларсиз ҳар қандай активлар бўйича битимлар тузиш, банк хизматларини кўрсатиш имконини беради. Ҳозирда жаҳоннинг турли мамлакатларида молиявий технологиялар, ер ресурсларини бошқариш, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларида блокчейн тизимидан фойдаланилади. Блокчейн тизими ҳар қандай соҳанинг шаффофлик даражасини оширади, коррупция ҳолатларининг камайишига хизмат қилади.

Маърузачи, шунингдек, бешинчи авлод (5G) мобил технологияси ҳақида маълумотлар берди. Алоқа сифати ва маълумотларни узатиш тезлигининг юқорилиги, энергетик самарадорлиги инсон саломатлигига зарарсиз эканлигидан ташқари, бу технология фойдаланувчиларга янгидан янги имкониятларни беради. Масалан, интернет маҳсулотлари, кенг полосали медиасервислардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради, табиий офатлар бўлган жойларда ҳам алоқа ўрнатиш имконини беради.

Рақамли маълумотлар қимматбаҳо иқтисодий ресурс ҳисобланса-да, у рақамли тафаккурга айланганидагина фойда келтиради. Рақамли иқтисодиёт кириб келиши билан рақамли платформалар яратиш ва тез суръатларда ўсиб бораётган рақамли маълумотларни монетизация қилиш муаммолари вужудга келмоқда. Бунда қиймат ярата олиш йўлларини, мазкур жараёнлардаги тўсиқларни бартараф этиш воситаларини аниқлаш муҳимдир. Бу қийматни яратиш ва тарқатиш салоҳиятини, қийматни янгилаш, бошқариш ҳамда қийматни қўлга киритиш шаклларини тушуниш имконини беради. Семинар хулосаларига кўра рақамли иқтисодиётни дунёнинг барча мамлакатларида ривожлантириш зарурлиги, рақамли иқтисодиётга ўтиш жараёнини тезлаштириш лозимлиги қайд этилди.