Янгиликлар

Қораўзак – билимлар макони бўлсин!

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ўтган ҳафта Қорақалпоғистонга сафари давомида Қораўзак туманига ташриф буюриб, мазкур тумандаги иккита мактабнинг янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари билан танишди. Мактаблар таъмирланган ва болаларни қабул қилишга шай бўлса-да, айрим камчиликлардан холи эмаслиги қайд этилди. Хусусан, мазкур мактабларда компьютер синфларининг йўқлиги ўқувчиларнинг замонавий билим ва кўникмаларни сифатли эгаллашларига тўсқинлик қилишини инобатга олиниб, мактабларни компьютер ва бошқа жиҳозлар билан таъминлаш масаласи кун тартибига қўйилди.

2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясининг бош мақсади инсон капиталини ривожлантириш деб белгилангани ва инсон капиталини ривожлантириш бўйича ишлар айнан мактабдан бошланиши табиийдир. Президентимизнинг мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқитувчиларнинг ўқитиши ва ўқувчиларнинг билим олишлари учун етарли шароитлар яратиб бериш борасидаги саъй-ҳаракатларининг замирида янги жамият барпо этиш нияти турибди. Янги жамиятни эса янгича фикрлайдиган, ҳаётга ишонч билан қарайдиган, ўз имкониятларини тўғри баҳолай биладиган, илм-фанга қизиқадиган ва янги кашфиётлар қилишга иштиёқманд ёшлар яратади. Ёшлар эса мактабларда тарбия топади, улғаяди, ўсади.

Юртимизнинг энг узоқ нуқталаридан бўлмиш Қораўзак туманидаги 13-сонли ва 25-сонли умумтаълим мактаблари ўзига хос тарихга ва анъаналарга эга билим даргоҳларидандир. Мазкур мактабларнинг битирувчилари бугунги кунда турли соҳаларда самарали меҳнат қилмоқдалар, ўқувчилар орасида фан олимпиадалари ғолиблари ҳам бор, ўқувчиларнинг бир нечтаси бу йил Президент мактабларида таҳсил олиш имкониятини ҳам қўлга киритдилар. Эндиги мақсад эса шаҳардан 100 километр узоқда жойлашган мактаб ўқувчиларини янада илмли, зиёли бўлишга ундаш, мазкур мактаблардаги шароитларни шаҳар мактаблардан қолишмайдиган даражага етказишдир.

Шу мақсадда 27 август куни Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак туманидаги 25- ва 13-умумтаълим мактабларида бўлиб, вазирлик томонидан тақдим этилган ускуналар ҳамда жиҳозларни топширди — мактабларга 25 та компьютер, инновацион кутубхона материаллари, электрон қўнғироқ, робототехника тўпламлари ҳамда турли бошқотирма ўйинлари (тожмот ўйини, инновацион харита, кимёвий элементлар инновацион жадвали, QR book ва бошқалар) тақдим этилди.

Қораўзак тумани Қораўзак овул фуқаролар йиғинида жойлашган 13-мактабда 47 нафар ўқитувчи фаолият юритиб, 450 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Мазкур мактабнинг директори Эркиной Бердиева ўқув йили бошланиши арафасида мактабга берилган эътибор айни муддао бўлганини, ўқувчиларнинг компьютер билимларини эгаллашлари уларнинг ҳаётда ўз ўринларини топишларига кўмак беришини таъкидлади.

Мактабга копьютерларнинг ўрнатилиши таълимга ахборот технологияларни жорий қилишни, янги билимлардан хабардор бўлишни таъминлайди. Эндиликда ўқитувчилар ҳам ўқувчилар ҳам дарсларга пухта тайёрланиш, билимларини мустаҳкамлаш имкониятига эга бўладилар. Компьютер асосларини ўрганган, робототехника каби илм-фан ютуқларини ўзида мужассам этган истиқболли йўналишлар ҳақида тушунчага эга ёшларда ўзига бўлган ишонч ортади, янги билимларни эгаллашга иштиёқ пайдо бўлади.

Шу билан бир қаторда вазирлик томонидан ҳар икки мактабга ҳам QLF (Quantitative light fluorescence – миқдорий нур флуоросценцияси) технологиясига асосланган Qscan ускунаси тақдим этилди. Бу тишларнинг тозалик даражасини аниқловчи қурилма бўлиб, у тишларга ёпишиб қолган, аммо кўз билан кўриб бўлмайдиган овқат қолдиқларини, унинг таркибидаги бактериялар ажратаётган зарарли моддаларни аниқлаб, уни қизил рангда кўрсата олади. Бунда тишларда ёпишиб қолган карашларни кўрган болалар ёки уларнинг ота-оналарида тишларини тўғри тозалашга, тиш касалликлари ва уларнинг асоратлари пайдо бўлмасдан аввал стоматологга мурожаат қилишига рағбати ошиб боради.

Илғор шаҳар мактабларидагидек компьютер жиҳозлари ва инновацион ўқув қўлланмалари билан моддий-техник базаси бойитилган мактаблардаги ўқув жараёнлари янада жонланиши табиий. Буни жиҳозларни қабул қилиб қилиб олган мактаб ўқувчиларнинг мамнун чеҳраларидан, ёниб турган кўзларидан ҳам пайқаш мумкин. Муҳими ушбу мактабда таҳсил бераётган устозлар ҳам, ўқувчилар ҳам ўзларига бўлган алоҳида эътиборни ва меҳрни кўришди. Вазирлик мутасаддилари томонидан айнан уларнинг мактабларидан дунё танийдиган олимлар, кашфиётчилар, халқаро мукофотлар совриндорлари етишиб чиқишиши ҳақидаги истак ва ниятлар уларнинг кўнгилларини тоғдек кўтарди.