Янгиликлар

“Proofreading Services” порталига келаётган мақолалар техник талабларга жавоб беряптими?

Юртимиз олимларининг нуфузли хорижий илмий нашрларда ўз мақолаларини чоп этишлари бугунги кунда илм-фан аҳли олдига қўйилган муҳим вазифалардан биридир. Мазкур вазифани амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида ўтган йилнинг охирида Инновацион ривожланиш вазирлиги “Proofreading Services” порталига асос солди.

Бугунги кунгача Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг “Proofreading Services” порталига 300 яқин та мақола келиб тушди. Ушбу мақолалардан порталда келтирилган техник талабларга мос келувчи 16 та мақола саралаб олиниб, шартномага мувофиқ ўрнатилган тартибда Springer Nature махсус веб-сайтига жойлаштириш орқали компания вакилларига тақдим этилди. Мазкур мақолалар Springer Nature компанияси мутахассислари томонидан қабул қилиниб, кўриб чиқилди ва тегишли журнал талабларига мувофиқ таҳрир қилинди, ёзма инглиз тили матни яхшиланди, орфографик ва грамматик хатолар бартараф этилиб, белгиланган техник талабларга мослаштирилди. Таҳрирланган мақолалар ва тегишли сертификат мақола муаллифларига юборилди.

“Proofreading Services” порталига мақолалар келиб тушиши давом этмоқда. Шу билан бир қаторда, “Proofreading Services” порталига мақолалар қабул қилишда бир қатор муаммолар мавжуд. Жумладан, “Proofreading Services” порталига келиб тушган мақолаларнинг аксарияти тегишли техник талабларга жавоб бермайди. Бунинг асосий сабаби вазирлик сайтидаги “Proofreading Services” порталида тегишли техник талаблар тўғрисида маълумотлар жойлаштирилмаган.

Шунингдек, таҳрир қилинган мақолаларнинг кейинчалик тегишли журналларда чоп этилганлиги тўғрисида маълумот олиш имкони мавжуд эмас. Шуларни инобатга олган ҳолда яқин кунларда вазирлик сайтидаги “Proofreading Services” порталига мақолаларни тақдим этиш бўйича техник талабларни юклаб олиш ва мақола муаллифлари томонидан мақола чоп этилганлиги тўғрисида маълумотлар жойлаштирилиш йўлга қўйилади.

“Proofreading service” хизматига тақдим этиладиган мақолалар қуйидаги техник талабларга мос келиши лозим:

1. Талабномада чоп этилиши сўралаётган “SCOPUS” ҳамда “Web of Science” базасига кирган хориждаги илмий журнал номи (ва таҳририят тўғрисида маълумотлар);

2. Илмий мақоланинг номи (инглиз тилида 10-12 сўздан ошмаслиги, асосий калит сўзларни ўз ичига олиши, қисқартма ва формулалар қўлланмаган ҳолда бўлиши лозим);

3. Мақола муаллифлари тўғрисидаги тўлиқ маълумотлар;

4. Мақола ва унга оид материаллар инглиз тилида тақдим этиш (инглиз тили билан бир вақтда бошқа тиллардаги маълумотлар ҳам қўшилган ҳолда расмийлаштирилган материаллар қабул қилинмайди);

5. Мақоланинг титул варағи, унда алоҳида ажратиб кўрсатилган “Калит сўзлар” (“Key words” – 6-8 та) ва “Аннотация” (“Abstract” – 50-300 сўз)дан иборат қисмларни ўз ичига олган бўлиши лозим;

6. Кириш (“Introduction”) (тадқиқот мавзусининг долзарблиги, мавзуга доир адабиётлар шарҳи, муаммонинг қўйилиши, изланиш мақсади ва вазифасининг шакллантирилиши);

7. Материаллар ва методлар (“Materials and Methods”);

8. Натижалар ва муҳокамалар (“Results and Discussion”);

9. Хотима (“Conclusion”) (мақола бўлимларини такрорламаган ҳолда қисқача якун);

10. Фигуралар (“Figures”) (зарур ҳолларда);

11. Жадваллар (“Tables”) (зарур ҳолларда);

12. Манбалар рўйхати (“Reference”) (20-50 та), (инглиз тилида келтирилган, манбалари уларни аниқлаш ва топиш учун тўла ёки аниқ келтирилган, мақолада ҳавола келтирилган манбалар киритилган).