Янгиликлар

“Proofreading” – илмий мақолаларни юқори рейтингли журналларда чоп этиш хизмати

26 сентябрь куни Тошкент давлат фармацевтика институтида Инновацион ривожланиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Elsevier хорижий компанияси вакиллари ҳамда соғлиқни сақлаш тизимидаги ходимлар иштирокида семинар бўлиб ўтди.
Инновацион ривожланиш вазирлиги тиббиёт соҳаси ходимлари учун далилларга асосланган тиббий маълумотлар базасига уланиш учун имконият яратишга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Семинарда вазирлик томонидан олимларнинг илмий мақолаларини юқори рейтингга эга илмий журналларда чоп этишга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган “Proofreading” хизмати яратадиган имкониятлар ҳақида сўз юритилди. Мазкур хизмат илмий мақолаларни текшириб, юқори рейтингга эга журналлар талабига мос ҳолда тайёрлашга кўмаклашади. Ушбу хизматдан юртимиз ташкилотларида илмий фаолият олиб бораётган шахслар бепул фойдаланишлари мумкинлиги қайд этилди.
Жорий йил бошида Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги тиббиёт бош бошқармаси ҳамкорлигида Elsevier хорижий компанияси билан англашув меморандуми имзоланган эди. Мазкур меморандум доирасида вазирлик ва ташкилотлар ҳамда Elsevier хорижий компанияси ҳамкорлигида семинар ва тренинглар, маҳорат дарслари ҳамда учрашувлар амалга оширилиб келинмоқда.
Тадбирда Elsevier компанияси раҳбарлари Игорь Никитин ва Алия Оспанова иштирок этди. Алия Оспанова “Proofreading” хизматининг ўзига хослиги, муаллифларнинг мақола ёзишда эътибор қаратиши лозим бўлган томонлари, мақолаларнинг умумқабул қилинган талабларга мослаштириш бўйича маърузаси билан иштирок этди. Бунда у юқори рейтингга эга илмий хорижий журналларда мақолалар чоп этишда эътиборга олинадиган жиҳатлари ҳақида маълумот берди.
Игорь Никитин Clinical Key платформаси ҳақида гапираркан, республикамиздаги 100 нафар шифокорлар учун мазкур платформадан 6 ой давомида бепул фойдаланиш имконияти тақдим этилганини ва бу акциянинг натижалари ҳақида тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг Инновацион ривожланиш вазирлиги Таълим ва соғлиқни сақлашга инновацияларни жорий қилиш ҳамда тадқиқ этиш бошқармаси бошлиғи Бахтинур Худанов мобил қурилмалар учун “Анатомик атамалар электрон луғати” иловасининг тақдимотини ўтказди. Мазкур илова лотин, ўзбек, рус, инглиз тилларида анатомик атамаларни тез қидириб топиш, ёд олиш имконини беради. Ундан олий ва ўрта махсус тиббиёт муассасалари талабалари, магистр, изланувчи ва ўқитувчилари қўлланма сифатида фойдаланишлари мумкинлиги таъкидлаб ўтди.
Proofreading хизматидан фойдаланиш учун ҳаволага киринг.
Анатомик атамалар электрон луғати мобил иловасини эса манзилидан юклаб олиш мумкин.