Янгиликлар

Ўзбекистонда қўлланилиши мумкин бўлган энергия тежовчи технологиялар Беларусда тажрибадан ўтмоқда

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Беларусь Миллий фанлар академияси Энергетика институтига қисқа муддатли илмий стажировкага жўнатилган тадқиқотчилардан бири — Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети “Электр машиналари” кафедраси мудири, техника фанлари доктори Олимжон Тоиров айни кунларда энергия тежамкор замонавий технологияларни ишлаш принципларини ўрганиш ва уларни Республикамиз иқтисодиётида қўллаш орқали энергия самарадорликка эришиш йўллари устида тажриба алмашиб илмий малака оширмоқда.

— Энергияни тежайдиган замонавий технологияларни Республикамизнинг иқтисодиёти тармоқларида, саноат корхоналарида қўллашимиз орқали энергия ресурсларини, яъни электр энергияси, газ, ёқилғи, сув, сиқилган ҳаво, парни 10-30 % гача тежаш мумкин, — дейди О. Тоиров. — Бу ўз навбатида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотга сарфланаётган солиштирма энергия сарфи, қолаверса маҳсулот тан нархининг сезиларли даражада камайишига олиб келади.

Мана шу мақсадларга етиш учун ёш тадқиқотчи юртимизда энергия самарадорлигини ошириш бўйича қатор инновацион таклифларни илгари сурмоқда. Хусусан, Энергетика институтида ишлаб чиқилган АСЛОТУ – инфрақизил нурлар ёрдамида иситишни таъминлайдиган автоматлаштирилган тизим ишлаб чиқариш саноат корхоналарида, тиббиёт соҳасида ва қишлоқ хўжалигида (иссиқ хоналарда) қўллаш мумкин. Ушбу ишланмани ишлаб чиқариш саноатининг биноларини иситишда қўлланилганда мавжуд иситиш тизимига нисбатан энергия ресурсларининг истеъмолини 2 бараваргача камайтириш имконини беради.

Шунингдек, у Россиянинг “Энергия самарадор тизим” компанияси томонидан ишлаб чиқилган “ЭнержиСейвер” контроллерини Беларусь Республикасида эксплуатация синовидан ўтказмоқда. Бу қурилма электр энергиясини 5-10 % миқдоргача тежаш имконини яратади. Ҳозирги кунда бу қурилмани Айни пайтда Энергетика институти билан биргаликда ушбу қурилмани саноат корхоналаридаги электр юритмаларда тадқиқотлар, синов ва таҳлил ишларини олиб бормоқда. Тадқиқот натижалари ижобий самара берса, бу қурилмани Ўзбекистон саноат корхоналарида ҳам қўллаш мумкин.

Тадқиқотчи яна гелиоэнергетика, яъни қуёш энергияси йўналишига алоқадор инновацион тадқиқотларни Ўзбекистон иқлим шароитларини инобатга олган ҳолда синовдан ўтказиш ва эксплуатация қилиш зарурлигини қайд этди. Айни пайтда Ўзбекистонда Халқаро қуёш институтида ҳам мазкур йўналишлар бўйича илмий ишлар олиб борилмоқда. Эндиги қадам шу йўналишни олий таълим муассасаларида ўқитиш масаласидир. Бунинг учун муассаса ўқув жараёнини тадқиқот ва амалиёт билан бирга олиб бориш имконини берувчи махсус ўқув-илмий лаборатория билан таъминлаган бўлиши талаб этилади. Тадқиқот натижалари мавжуд гелиоэнергетика тизими ва лойиҳалаштирилаётган қуёш электр станцияларининг энергия ва ресурс самарадорлигини баҳолаш имконини беради. Ўзбекистонга олиб кирилаётган барча фото электр қурилмаларининг сифатини баҳолаш орқали уларни сертификатлаштириш мумкин бўлади.

Қолаверса, Беларусь Миллий фанлар академияси Энергетика институтида биоэнергетика йўналишида ва чиқиндиларни қайти ишлаш орқали улардан энергия олиш технологиялари бўйича хам илмий ишланмалар мавжуд, бу эса ушбу йўналишларда ҳам ҳамкорликда илмий фаолият олиб бориш имкони беради.

Ушбу ташриф давомида Беларусь Миллий фанлар академияси Энергетика институти ва Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети билан ўзаро келишув шартномаси тузилди. Ушбу шартномага мувофиқ биргаликда икки томонлама илмий лойиҳаларда иштирок этиш, ўқув қўлланма ва адабиётлар яратиш, халқаро журналларда илмий мақолалар чоп эттириш, шунингдек илмий ва амалий конференцияларда иштирок этиш кўзда тутилган. 


Яқин кунларда Энергетика институти малакали мутахассислари ҳамкорлигида талабаларга ўқув жараёнлари учун “Электр машиналари” фанидан ўқув қўлланмаси чоп этилиши режалаштирилган. Бундан ташқари Беларусь профессор ўқитувчиларини ўқув жараёнига жалб этиб, таълим сифатини ошириш мақсадида малакали кадрлар тайёрлаш масаласи ҳам кўзда тутилган.

Инновацион ривожланиш вазирлигининг ташаббуси билан ёш олимларнинг турли давлатларга стажировкага юборилиши, жумладан Беларусь Республикасига мақсадли малака ошириш дастурининг амалий натижаси ҳар бир тадқиқотчининг янги ғояларни пайдо бўлишига ва илмий ишланмаларнинг яратилишига туртки бўлади.