Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази ва Тожикистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Фан ва янги технологияларни инновацион ривожлантириш маркази ўртасида меморандум имзоланди  

 

2019 йилнинг 8–9 август кунлари Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ислом тараққиёт банки, БМТ Озиқ-овқат ташкилоти, Қурғоқчилик масалаларини тадқиқ этиш ва таълими бўйича халқаро платформа (International Platform for Dryland Research and Education – IPDRE), АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), ECFS ташкилоти ҳамда БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда манфаатдор томонлар билан биргаликда ташкил этилган кўп тармоқли форум якунланди.

 

Форумда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази ва Тожикистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Фан ва янги технологияларни инновацион ривожлантириш маркази ўртасида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қишлоқ хўжалиги ва муқобил энергия манбалари соҳаларида илмий-тадқиқот ишланмаларини қўллаб-қувватлаш бўйича ўзаро ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.

 

Томонлар экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қишлоқ хўжалиги ва муқобил энергия манбалари соҳаларида долзарб муаммоларни шакллантириш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ фундаментал ва амалий тадқиқотлар, деградацияга учраган ерларнинг унумдорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқаришини моделлаштириш ва оптималлаштириш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва сув ресурслари тақчиллигига мослашиш масалалари бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга келишдилар.

 

Бундан ташқари амалий танловларда иштирок этишда томонларнинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши шароитида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини яхшилаш, илмий тадқиқотларни биргаликда бажариш ва янги инновацион ёндашувларни жорий этиш соҳасидаги илмий ечимларга йўналтирилган инновацион грантлар эълон қилиниши назарда тутилган.

 

Шунингдек, томонлар ўртасида умумий манфаатларга эга бўлган соҳаларда ҳамкорлик, жумладан, илмий асосланган тадқиқотлар, салоҳиятни ошириш хизматлари, тадқиқот институтлари билан ҳамкорлик қилиш, сафарбарлик ва ҳамкорлик орқали стратегик тадқиқотлар ўтказиш, билимларни алмашиш, қўшма лойиҳалар орқали илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш меморандумнинг асосий мақсадларидандир.