Янгиликлар

Нобель мукофоти лауреати бўлиш учун нима қилиш керак?

 

Инновацион ривожланиш вазирлигининг таклифига кўра Ўзбекистонга ташриф буюрган Нобел мукофоти лауреати Дан Шехтман Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатида ҳам бўлди. Унда профессор мактаб-интернат фаолияти билан яқиндан танишди, аниқ фанларга қизиқувчи фаол ўқувчилар билан мулоқот қилди, болалик хотиралари билан ўртоқлашди.

 

— Мен профессор Дан Шехтманга мактаб-интернатимиз ҳақида сўзлаб бердим, — деди 10-синф ўқувчиси Парвина Шарвонова. — У яратилган шароитларни юқори баҳолади. Болалигида бундай имкониятлар бўлмаганини таъкидлади.

 

Олим кимёни жамиятда оммалаштириш, бўлажак кимёгарларни тайёрлашда олий ўқув юртлари ва мактабларнинг яқиндан алоқасини ҳам қўллаб-қувватлайди. Нобель лауреати бўлиш учун қайси соҳада изланиш олиб бориш кераклиги сўралганда, биология, биокимё ва унга яқин бўлган фанлар билан шуғулланишни маслаҳат бераман, дея ўртоқлашди Дан Шехтман. - Бу шундай мураккаб ва чалкаш майдонки, унда бир авлод учун етарли тадқиқот соҳалари мавжуд."

 

— Ота-оналар болаларининг ёшлигидан ўзига ишончини қўллаб-қувватлаши керак. Ёшлар кўп ўқиши ва бирор соҳанинг етук мутахассиси бўлишига шароит яратиб бериш лозим. Муҳими, ўзгаришлар ва муваффақиятсизликдан қўрқманг! Омадсизлик сизни юқорига олиб чиқадиган дарвозани очиб бериши мумкинлигини унутманг, — деди олим.