Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлигида Навоийдаги кремний заводини қайта тиклаш лойиҳаси муҳокама қилинди

15 ноябрь куни Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Қозоғистон Республикасининг минерал хом ашёларни комплекс қайта ишлаш бўйича миллий маркази бош директори Абдурасул Жарменовни қабул қилди. Учрашувда Инновацион ривожланиш вазирининг халқаро маслаҳатчиси Ербол Сулейменов, бошқарма ва бўлим бошлиқлари иштирок этдилар.

“Қозоғистон Республикасининг минерал хом ашёларни комплекс қайта ишлаш бўйича миллий маркази” давлат корхонаси минерал хом ашёларни қазиб олиш, қайта ишлаш билан боғлиқ технологик жараёнлар, хусусан автоматлаштириш ва рақамлаштириш орқали минерал хом ашё ва тоғ-металлургия комплексининг муаммоларининг тизимли ечимларини амалга оширади. Марказ ўзининг илмий ва илмий-техник фаолиятини аккредитацияланган таҳлилий лабораторияларда, тажриба-экспериментал комплексларида ҳамда тажриба фабрикасида олиб боради. Бугунги кунда марказнинг илмий салоҳияти катта бўлиб, унда 35 нафар фан доктори, 80 нафар фан номзодлари ва PhD унвон эгалари, 36 нафар академик, турли давлат мукофот лауреатларидан иборат ходимлар жамоасига эга. Металлургия соҳасидаги дунёнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорлик ўрнатилган, жаҳоннинг турли мамлакатларида умумий 3,5 млрд. АҚШ доллари қийматидаги инвестициялар киритган ҳолда завод ва фабрикалар қурилишида иштирок этган. Мазкур корхоналардаги йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 4 млрд. АҚШ долларидан ошади.

А. Жерменов Навоий шаҳридаги ҳозирда фаолият кўрсатмаётган кремни заводини модернизация қилиб, инвестициялар жалб этиб, кремний ва унинг қоришмаларини инновацион технологияларни қўллаган ҳолда ишлаб чиқариш таклифини илгари сурди. Бугунда алюминий, кальций, углерод, титан, фосфор, хром каби элементларнинг нисбати кам бўлган, таркибида кремний моддаси юқори бўлган пўлатга эҳтиёж юқоридир. Темир ва кремнийдан ташкил топган ферро-қоришмани ишлаб чиқаришда кўмир чиқиндилари ёки гуруч кепагидан олинган соф углеродли тикловчи моддадан фойдаланилади. Бу инновацион технологияни тижоратлаштириш ҳозирда тўхтаб қолган заводни ишлашига, қўшимча иш ўринлари ташкил этилишига, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқарилишига, шунингдек ишлаб чиқариш чиқиндиларидан оқилона ҳозирда фойдаланишга сабаб бўлиши кутилмоқда.

Музокаралар натижасида Инновацион ривожланиш вазирлиги мутасаддилари харажатлар, инвестиция миқдори ва аниқ прогнозлаштирилган фойда миқдори ва уни тақсимлаш тартиби кўрсатилган аниқ иш режасини тузиш бўйича ишларнинг натижаси мазкур лойиҳанинг истиқболини белгилашини қайд этдилар. Ўз навбатида, лойиҳа ЎзР ФА У.А. Арифов номидаги Ион-плазма ва лазер технологиялари институтининг олимларини жалб қилган ҳолда амалга оширилиши кўзда тутилган.