Янгиликлар

Оролбўйи муаммоларига бағишланган халқаро Форум ишини бошлади

 

Айни пайтда “Қишлоқ хўжалиги ва экологик муаммолардан Орол денгизи ҳавзасида инвестициялар ва инновацияларни жалб қилиш имкониятларига ўтиш” мавзусидаги Халқаро форум ўз ишини давом эттирмоқда.

Тадбирда сўзга чиққан Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров мазкур форум Оролбўйи ҳудудида катта ишларнинг бошланишида яна бир имконият манбаи эканлигини таъкидлади.

- Дарҳақиқат, кун тартибимизда Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ муаммолар турибди, бу бизнинг, Марказий Осиё давлатлари, қолаверса бутун дунё ҳамжамияти олдида ечими кутилаётган умумий муаммолардан биридир. Дунёнинг кўп жойларида сув танқислиги ва ичимлик сувининг сифатсизлиги, тупроқ деградацияси, биохилма-хилликнинг кескин камайиши ҳамда иқлим ўзгариши билан боғлиқ ҳодисалар рўй бермоқда, - деди А.Назаров.

- Ушбу муаммоларнинг муҳимлиги, шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг 2018 йил 24 августда Туркманистонда бўлиб ўтган саммитида билдирган ташаббус ва таклифларидан келиб чиқиб Инновацион ривожланиш вазирлиги ва ICBA халқаро маркази ҳамкорликда Оролбўйи ҳудудида инновацияларни жорий этиш ишларини йўлга қўймоқда.

Шу жумладан, 2018 йилда Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус туманида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази ва Мўйноқ туманида унинг филиали ташкил этилди. Ушбу Марказнинг 6 та ёш мутахассислари ICBA ҳалқаро марказининг Дубайдаги офисида (Бирлашган Араб Амирликлари) илмий тажриба ўташи ташкил этилди.

Марказ фаолияти учун Нукус туманида 24,34 гектар ва Мўйноқ туманида 20,3 гектар ерлар ажратилиб, экспериментал майдонларда тажрибалар ўтказилмоқда.  Ушбу майдонларда 13 турдаги шўр ва қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар уруғлари ҳамда 24 турдаги манзарали дарахтлар кўчатлари экилди.

ICBA халқаро марказининг қўллаб-қувватлаши натижасида Оролбўйи халқаро инновация марказида Япониянинг Тоттори университети Арид ерларни ўрганиш маркази билан ҳамкорликда қурғоқчил ерларда томчилатиб суғориш инновацион усули тажрибавий синови ўтказилмоқда.

Япониянинг OYO корпорацияси билан чўл ўсимликларини экиш бўйича мутлақо янги, ёпиқ илдизли тизимда саксовул етиштириш технологияси  бўйича блок-инкубаторларда етиштирилган саксовул кўчатларни Орол денгизининг қуриган тубига экиш тажрибаси қўлланилмоқда. Киото университети ёрдами билан мини метеостанция ўрнатилиб ишга туширилди.

Ислом тараққиёт банки томонидан техник ҳамкорлик лойиҳасига 275 минг доллар маблағ ажратиш қўллаб-қувватланди ҳамда Оролбўйи халқаро инновация маркази фаолиятини ривожлантириш бўйича ИТБ ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида шартнома тузилди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этилган Идоралараро ишчи гуруҳ томонидан “Оролбўйи – экологик инновациялар ва технологиялар зонаси” Концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Концепция лойиҳасини Марказий Осиё давлатлари ва Яшил ўсиш Глобал институти (Корея) билан келишилмоқда.

Шунингдек жорий йилнинг октябр ойида Қорақалпоғистонда Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш бўйича халқаро конференцияга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.