Янгиликлар

Математика: банклар, дарсликлар ва халқаро олимпиадалар

5 февраль куни Ислом Каримов номидаги Тошкент Давлат Техника университети ҳузуридаги Ўзбекистон-Япония ёшлар инновация марказида юртимизда математика фанини ривожлантиришдаги муаммолар ва ечимлар мавзусида семинар ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Математика институти директори, академик Шавкат Аюпов, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари в.б. Шароф Ражаббаев, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарма бошлиғи Улуғбек Мирходжаев ҳамда Республикамиздаги математик-олимлар, математика бўйича илмий изланиш ва мустақил тадқиқот олиб бораётган ёш олимлар, докторантлар, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, давлат ва тижорат банк вакиллари, ОАВ вакиллари, жами 200 нафарга яқин мутахассислар иштирок этди.

Тадбирнинг асосий мақсади математика фанини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларнинг бажарилиши, математика соҳасида фаолият юритаётган ҳамда изланишлар олиб бораётган мутахассислар, банк ва бошқа соҳалар ўртасида мустаҳкам манфаатли алоқалар ўрнатишга қаратилди.

Шу билан бирга, республикадаги мавжуд молия ва банк муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш масалалари ҳам қизғин муҳокама қилинди. Банк-молия, хавфсизлик, пул-кредит соҳаларидаги мавжуд муаммоларни ечиш бўйича математик олимлар томонидан тадқиқотлар ўтказилиши , банк соҳаси учун муҳим бўлган мутахассис кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлашда ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш бўйича фикрлар билдирилди.

Иштирокчилар томонидан Ўзбекистонда ва жаҳоннинг математика соҳасидаги илғор мамлакатларида олиб борилаётган ишлар билан бир қаторда мавжуд муаммолар, математикани ўрганиш ва ёшларни математика илмига қизиқтириш, математика орқали аниқ ва соҳага боғлиқ бошқа фанларни ривожланишига кўмаклашиш юзасидан баҳс-мунозаралар юритилди. Хусусан, умумтаълим мактаблари ва олий таълим муассасаларида математика фани бўйича дарсликларнинг ҳозирги кун талабларига жавоб бермаслиги, дарсликлар ўқувчи ва талабаларнинг мустақил мавзуни ўрганишлари учун мўлжалланмагани боис фанни ўзлаштиришда қийинчиликлар вужудга келаётгани айтилди.

Ўз навбатида математика бўйича халқаро олимпиадаларга ўқувчи ва талабаларни тизимли тайёрлаш механизмини ишлаб чиқиш масаласи ҳам кўтарилди. Шунингдек, юртимиздаги барча олий таълим муассасаларида тан олинадиган математика бўйича миллий стандартлаштирилган тест тизимини жорий қилиш лозимлиги қайд этилди. Бундай тизимнинг яратилиши, аввало ёшларнинг математика бўйича билимларини оширишга ёрдам берса, иккинчи томондан таълим тизимининг барча босқичларида коррупцияни олдини олишга хизмат қилади.

Семинар давомида математика соҳасидаги олимлар, профессорлар, тадқиқотчилар, мустақил изланиш олиб бораётган ёш олимлар ва банк соҳасидаги мутахассислар билан доимий ўзаро манфаатли алоқаларни ташкил этиш мақсадида замонавий ахборот технологиялари ютуқларидан кенг фойдаланган ҳолда платформа яратиш масалалари муҳокама қилинди.

Банк ва молия соҳасидаги математика (амалий математика), ахборот хавфсизлиги ва бошқа масалаларда тадқиқотларни ўтказиш ҳамда хорижий давлатлардаги илғор тажрибаларни ўрганган ҳолда таҳлилий маълумотлар тайёрлаш бўйича илмий-амалий ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди. Республикамиздаги банк муассасалари томонидан Математика институти ҳамда математикага ихтисослашган бошқа илмий ва тадқиқот муассасаларига мавжуд муаммолар юзасидан буюртмаларни шакллантириш, амалга ошириш, уларни молиялаштириш масалалари муҳокама қилиш лозимлиги белгиланди. Семинар иштирокчилари ҳар ойда бир маротаба учрашувлар ташкил этишга келишиб олдилар.