Янгиликлар

Ўзбекистон ва Хитой ўртасида Фан ва технологиялар бўйича ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди

 

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ҳукуматларининг Фан ва технологиялар бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги келишуви Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзянь Янь томонидан имзоланди.

Ушбу Келишувнинг мақсади илмий-техникавий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳар икки мамлакатнинг илмий ҳамжамиятлари ўртасида алоқаларни ўрнатиш ва кенгайтириш, ўзаро манфаат касб этувчи соҳаларда илмий-техникавий ҳамкорликка кўмаклашишдир.

Томонлар фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни тадқиқотчи ва экспертлар билан алмашиш, маърузаларни ташкил этиш, технологик инновациялар ва маҳсулотларни ишлаб чиқувчи тадқиқот институтлари, олий ўқув юртлари ва корхоналарни рағбатлантириш, илмий-технологик тадқиқотларни, лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш орқали ривожлантирадилар. Шунингдек, конференциялар, семинарлар, симпозиумлар, ўқув курслари ва кўргазмаларни ташкиллаштириш, илмий-техникавий ахборот, ғоялар, адабиётлар, нашрлар, материал ва ускуналар билан алмашиш ҳам келишувнинг узвий қисми саналади.

ХитойЎзбекистон икки тарафлама ҳамкорлигининг устувор йўналишлари бўйича технологияларни ривожлантириш ва жорий қилиш соҳасида қўшма илмий-тадқиқот ва инновацион марказлар, лаборатория ва технопаркларни яратилиши кўзда тутилган.