Янгиликлар

Жанубий Корея инновацияларини Ўзбекистонга жорий этиш бўйича келишувларга эришилди

Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази директори Шаҳобжон Шарифовнинг Жанубий Кореяга хизмат сафари давомида қурилиш соҳасида дунё бозоридан салмоқли ўрин эгаллаган юқори сифатли руҳ қопламали ва зангламайдиган металлар ишлаб чиқарувчи “Madong” компанияси, қишлоқ хўжалиги соҳасида иссиқхоналарга, озиқ-овқат маҳсулотларига мўлжалланган полиэтелен плёнка ишлаб чиқарувчи “Pyolpy” компанияси билан бирламчи келишувларга эришилди. Ўзбекистонга инвестиция киритишга рози бўлган тарафлар июнь ойининг охирида Тошкентга ташриф буюриши кутилмоқда.

Ўзбекистонда “Australia Research Centre” қошидаги “Nano Work Sollution” компанияси билан ҳамкорликда табиат учун зарарсиз, 180 кун мобайнида ўзини ўзи йўқ қилиш хусусиятига эга бўлган, нанотехнологияларга асосланган бир марталик идишлар ва полиэтилен пакетлари ишлаб чиқарувчи завод қурилиши юзасидан меморандум имзоланди.

Шунингдек, “KENAF SJ Global” компанияси билан ўзаро битимга кўра, юртимизда етиштирилаётган каноп ўсимлигидан косметологияда фойдаланиладиган қимматбаҳо элексир олиш, бундан ташқари каноп ўсимлигидан қурилиш соҳасида фойдаланиладиган МДФ материалларини яратиш имконини берадиган завод қурилиши режалаштирилди.

Тошкент вилоятининг Тошкент туманидаги Келес қишлоғида 5 гектар жойни эгаллайдиган ҳудудда “Корея кичик ишлаб чиқариш комплекси”ни қуришни ташкил қилиш юзасидан янги инновацион лойиҳа муҳокама қилинди. Бу лойиҳани амалга ошириш орқали иссиқхоналарни қуриш учун зарур маҳсулотларни юртимизда ишлаб чиқариш билан унга кетадиган сарф-харажатларни 20 %га қисқартириш мумкин.

Маълумки, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси экологик ҳолати ва тупроқ таркибига кўра деҳқончилик қилиш учун ноқулай ҳисобланади. Шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда, ушбу ҳудудларда қовун ва қулупнайнинг иссиқхоналарда етиштирса бўладиган янги навларини ўзлаштириш бўйича “Seongju Korean Melon Fruit Vegetables Research Institute” билан музокаралар олиб борилди. Айнан шундай навлар юртимизга олиб келинди ва яқин кунларда бу навларни етиштириш бўйича тажриба синовлари амалга оширилиши кўзда тутилган.

Иссиқхоналарни гидропоника усулида қурилиши юқори ҳосил олиш имкони бўлмаган, шўралаган тупроқли ҳудудларда сувни тежаш ва юқори ҳосилдорлик етиштириш имкониятини яратади. Иссиқхонадаги ҳарорат, ўсимликнинг сув ва озуқага талаби чуқур таҳлил орқали аниқланади. Турли минераллар билан бойитилган сув томчилатиш усулида ўсимлик илдизига етказилади.

Мутахассисларнинг фикрича, оддий усулда етиштирилаётган кўчатларидан 3 килограмм ҳосил олинса, гидропоника усулида ҳосилдорлик 12 килограммни ташкил этади. Экинларнинг пишиб етилиши 25-30 кунга қисқаради.