Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги “Venchur Capital Invest” компанияси билан меморандум имзолади

 

Инновацион ривожланиш вазирлиги “Venchur Capital Invest” компанияси билан инновацион лойиҳалар ва стартапларни молиялаштириш борасида ҳамкорлик қилишга келишди. 2019 йилнинг 5 август куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Ойбек Норинбоев ҳамда “Venchur Capital Invest” инвестицион компанияси директори Руслан Ким ўзаро англашув меморандумини имзоладилар.

Меморандум доирасида томонлар қўшма инновацион лойиҳалар ва стартапларни амалга ошириш соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар. Шунингдек, инвестицион фаолият ва венчур молиялаштиришни ривожлантириш,биргаликда тадқиқотлар ва ишланмалар олиб бориш ҳам ҳамкорликнинг узвий қисми бўлади. Бундан ташқари, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун тажриба, мутахассислар ва тадқиқотчилар билан ўзаро алмашиш, тадқиқотлар, инновациялар ва венчур молиялаштиришлар соҳасида кадрларни ўқитиш ва тайёрлаш ишлари амалга оширилади.

Бугунги кунда инвесторлар, айниқса хорижий инвесторларнинг инвестиция ҳиссаларини тезкор ва самарали жалб этиш мақсадида инвестиция ва бошқарув компанияларини ташкил қилиш амалиёти кенг йўлга қўйилмоқда. Мазкур ҳамкорлик инновацион ғоялар, стартаплар, венчур лойиҳаларни молиялаштириш, илмий-техник ишланмалар натижаларини ишлаб чиқаришга татбиқ қилишни тезлаштириш ва инновацион маҳсулотларни халқаро бозорга чиқариш тизимининг барқарор занжирини яратиш ва ривожлантиришга қаратилган.

Таъкидлаш жоизки ,Ўзбекистонда венчур экотизимини яратиш ва ривожлантиришга йўналтирилган фаолиятни амалга ошириш доирасида Инновацион ривожлантириш вазирлиги инновацион фаолиятни молиялаштирувчи компанияларни ташкил қилиш бўйича тадбиркорлик субъектлари орасида тушунтириш ва рағбатлантириш ишларини мақсадли равишда олиб бормоқда. Мазкур ҳамкорлик ҳам мана шундай тизимли ишларнинг натижасидир.