Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги ходими депутатликка номзод этиб кўрсатилган

 

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг Фан ва илмий-техник тадқиқотларни ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси лавозимида фаолият юритиб келаётган Абдурашид Турғунов Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод этиб кўрсатилган. У 15-Хўжаобод сайлов округидан рўйхатга олинган.

Турғунов Абдурашид Абдуманнобович 1983 йил 17 майда Андижон вилояти, Хўжаобод туманида туғилган. Миллати ўзбек, маълумоти олий, 2011 йилда Андижон давлат университетини магистратурасини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги психология. 2018 йилда Ўзбекистон Педагогика фанлари илмий-тадқиқот институтини (таянч докторантура, PhD) тамомлаган. Педагогика фанлари фалсафа доктори (PhD). OʻzLiDeP аъзоси.

А.А.Турғунов меҳнат фаолиятини 2003 йилда Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги халқ таълими бўлими техника хавфсизлиги нозири лавозимида бошлаган. 2011-2012 йй. – Словакия республикаси Коменский номидаги университет тингловчиси, 2016-2018 йй. – Ўзбекистон Педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти таянч докторанти (PhD), 2018-2019 йй. –Касб-ҳунар таълими тизимини инновацион ривожлантириш, педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш институти факультет декани, директор ўринбосари, кафедраси мудири, 2019 йилдан ҳозирги вақтга қадар.

2011 йилда Словакия Республикаси гранти асосида Коменский номидаги университети тингловчиси бўлган. У ерда ишсизликни шахсга психологик таъсири мавзусида илмий фаолият олиб борган.

Касб-ҳунар таълими тизимидаги таълим муассасалари раҳбарларини малакасини ошириш институтидаги фаолиятида ўқитувчи-профессорлар малака ошириш курс тингловчиларини кўникма ва малакаларини самарали ошишига хизмат қилувчи электрон ўқув-методик мажмуаларни институтда биринчи марта ишлаб чиқиш бўйича лойиҳа амалга оширган.

Касб-ҳунар таълими тизимини инновацион ривожлантириш, педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш институти ва Немис халқ университетлари ассоциацияси (DVV international, молиявий кўмаги асосида) ҳамкорликда “Ўзбекистонда ишлаб чиқариш таълим усталари малакасини ошириш тизимининг амалдаги ҳолати тадқиқ қилиш ва Германия тажрибаси асосида такомиллаштириш” бўйича лойиҳа (лойиҳа раҳбари сифатида) амалга оширилган.

Инновацион ривожланиш вазирлигидаги фаолияти давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Илмий-тадқиқот муассасалари рейтингини аниқлаш тартибини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори лойиҳаси доирасида “Илмий-тадқиқот муассасалари рейтингини аниқлаш мезонлари” ва “Илмий-тадқиқот муассасалари рейтингини ҳисоблаш методикаси”ни ишлаб чиққан.

Илмий фаолияти давомида узлуксиз таълим тизимида касбга йўналтиришнинг мазмун моҳияти, мактабгача таълим муассасаларида, умумтаълим мактаби ўқувчиларини касбга йўналтириш, илғор хорижий мамлакатларда касбга йўналтириш тажрибаси, назарий-методологик ёндашувлари ва юқори синф ўқувчиларини касбни мустақил танлашга тайёрлаш технологияларидан фойдаланиш бўйича ўқитувчиларга услубий тавсияларни ўз ичига олган “Касб-ҳунарга йўналтириш” ўқув қўлланмасини ишлаб чиққан ва чоп эттирган .

Абдурашид Абдуманнобович Турғунов ўз сайловолди дастурида Ўзбекистонда малакали ва юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш муҳим вазифадир, шунингдек, кадрлар тайёрлаш тизимини қўллаб-қувватлаш ва бозор талабларини ҳисобга олган ҳолда ишга жойлашишга муҳтож бўлган шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш тизимини янада ривожлантириш зарур деб билади.

Ушбу мақсадда Абдурашид Абдуманнобович Турғунов, хусусан, қуйидагиларни таклиф этади:

Ижтимоий соҳадаги асосий вазифалари, деб болаларни тарбиялашда ота-оналарнинг масъулиятини ошириш, бюджет муассасалари моддий-техник базасини ривожлантириш ва бунинг натижасида, ходимларнинг даромадлари ва хизматлар истеъмолчиларининг қониқишларини ошириш, педагог касбининг нуфузини ошириш, давлат тиббиёт муассасалари тизимида юқори малакали шифокорларнинг самарали ишлаши учун шарт-шароитлар яратиш, ҳудудда сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш, тарихий-маданий бойликларни сақлаш ва иқтидорли ижодкорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уруш ва меҳнат фахрийлари, ногиронлиги бор шахсларни, ёш ва кўп болали оилаларни манзилли қўллаб-қувватлаш учун шароит яратиш, ёш оилаларини уй-жой ва аҳолининг ижтимоий ҳимоясиз тоифаларини муаммоларини шаффоф механизм яратиш асосида ҳал этиш лозим деб ҳисоблайди.

Таълим соҳасини ривожлантириш юзасидан жамиятдаги ўқитувчининг ижтимоий мавқеини ошириш, таълимда узлуксиз касб танлаш тизимини ривожлантириш, болаларда касбга, ҳунар ва миллий ҳунармандчиликка бўлган муҳаббатни тарбиялашда оиланинг ҳамда таълим мактабнинг ролини оширишга, касбни мустақил танлашнинг “оила – мактаб - корхона” ҳамкорлик қоидаларини шакллантиришга кўмаклашиш, ёшларнинг билими, жасорати, истеъдоди асосида ўз ғоялари ва лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашишни ўзининг вазифаларидан бири деб билади.

Коммунал соҳани ривожлантиришда йирик ташкилот ва муассасаларда фуқаролар мурожаатида сунъий тўсиқларни ва навбатларни кўплигини эътиборга олган ҳолда шаффоф, инсон омили бўлмаган ёки кам бўлган электрон мурожаат ва электрон навбатни жорий этиш, уй-жойлар, йўллар, ҳовли ҳудудларини, кўчаларни ободонлаштириш, ҳудудларни ободонлаштириш ва дам олиш жойларини ободонлаштириш тадбирларини амалга ошириш мақсадида ҳукумат ва хизматлар билан бевосита ҳамкорлик қилиш, соғлиқни сақлаш, таълим, маданият муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, спорт майдончалари ва объектлари қурилишини жадаллаштириш ва янгиларини жалб қилишни вазифаси деб билади.

Инновацион ривожланиш вазирлигидаги тажрибасидан фойдаланиб, хорижий грантлар ва инвестициялар жалб этган ҳолда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва юқори технологияли янги иш ўринлари яратиш асосида иқтисодиётнинг Реал секторини ривожлантириш, юқори сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг инновацион технологияларини жорий этиш, кичик ва ўрта бизнесни соҳасини ривожлантириш ҳукумат ва хорижий инвесторларни қўллаб-қувватлашларини жалб қилишга, Инвесторлар, бизнес ва оддий фуқаролар учун эртанги кунга ишонч ва хавфсизликни кафолатлайдиган барқарор Қонунчилик базасини яратишга ва бу корхоналарни модернизация қилиш, янги иш ўринлари яратиш, иш ҳақи, пенсия ва нафақалар даражасини оширишга асосланган янги иқтисодий сиёсатни ишлаб чиқиб, амалиётга жорий эта олишига ишонади.

Оилали. Икки нафар фарзанди бор.