Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирига янги ўринбосар тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 12 ноябрдаги ПҚ-4517-сонли қарори билан Олимжон Алижонович Тўйчиев Инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари этиб тайинланди.

Ушбу лавозимга тайинлангунга қадар О.А. Тўйчиев Инновацион ривожланиш вазирлигида бошқарма бошлиғи ва Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати директори сифатида фаолият юритиб келаётган эди.

Олимжон Алижонович Тўйчиев 1991 йил Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида туғилган. Тошкент Шаҳридаги Турин политехника университетида 2015 йил машинасозлик муҳандиси мутахассислиги бўйича бакалавр даражаси ва 2017 йили Мехатроника йўналиши бўйича магистрлик даражасига эга бўлган. О.Тўйчиев 2016-2017 йилларда Германиянинг Хохенхайм университетида ҳам таҳсил олган.

Шунингдек, О. Тўйчиев 2013 йил овоз орқали масофадан бошқарилиб, турли топшириқларни бажарадиган, ўзбек тилини тушунадиган биринчи роботни яратиб, фан ва техника соҳасида, айниқса, робототехника соҳасини ёшлар ўртасида кенг кўламда оммалаштириш йўлида қўшган ҳиссаси учун “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

2017 йил Олимжон Тўйчиев “Камолот” ЁИҲ қурултойида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Фан ва технологиялар агентлиги бош директорининг ўринбосари этиб тайинланган эди.