Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Навоийда сайёр қабул ўтказди

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазир ўринбосари Йўлбарсхон Мансуров 6—7 август кунлари Навоий вилоятида сайёр қабул ўтказди.

6 август куни Й. Мансуров Навоий Давлат кончилик институтида олимлар, ўқитувчилар, тадқиқотчилар ва талабалар билан учрашди. Сайёр қабул иштирокчилари 14 та масала бўйича мурожаат қилиб, савол ва таклифларига жавоб олдилар. Кончилик соҳасини ривожлантириш, шу йўналишда илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш бўйича мулоҳазалар муҳокама қилинди. Вазир ўринбосари айрим лойиҳалар бўйича мавжуд муаммоларни жойида ҳал этган бўлса, бошқаларининг бажарилишини ўз назоратига олди.

Шунингдек Навоий шаҳрининг Ёшлар марказида юртимиз Мустақиллигининг 28 йиллиги байрами арафасида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илм-фан ва маърифат, демократик жамият қурилиши, халқ фаровонлиги ва инсон капиталини ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишларга бағишланган тадбир ўтказилди. Вазир ўринбосари тадбирда янги ғоялар билан келган ёшлар, новаторлар, тадқиқотчи-конструкторлар билан учрашди, уларнинг ишланмалари ва лойиҳалари билан танишди. Илмий ва илмий-конструкторлик ишланмаларини тижоратлаштириш масалаларида ўз маслаҳатларини берди.

Мазкур тадбир “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” деган бош ғояни ўзида мужассам этди.