Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазири: “Энг иқтидорли ва билимдон болаларни жалб қилишимиз керак”

Жорий йилнинг 15 август куни Инновацион ривожланиш вазирлиги биносида Вазирлик ҳузуридаги “Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатини” ва “Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернатини”нинг2019-2020 ўқув йили учун кириш тест имтиҳонларини ташкил этиш бўйича мажлис бўлиб ўтди. Йиғилишда имтиҳонларни ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита, Ҳакамлар ҳайъати ҳамда Аппеляция комиссиялари аъзолари иштирок этдилар. Мажлисни Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов олиб борди.

 

И.Абдураҳмонов энг аввало қабул жараёнларида коррупцияга йўл қўйилмаганига алоҳида эътибор қаратди, имтиҳон бўладиган кунгача ўқувчилар бирор тўсиқларсиз қабул қилинаётганини таъкидлаб ўтди.

 

— Биронта бола биздан норози бўлмаслиги керак, — деди И. Абдураҳмонов. — Энг иқтидорли ва билимдон болаларни жалб қилишимиз лозим. Зеро мақсадимиз – иқтидорли ёшларни қамраб олиш, уларга билим бериш ва иқтидорларини намоён этишдир.

 

Шунингдек, Инновацион ривожланиш вазири вазирликнинг масъул ходимларига имтиҳонларни ҳам юқори савияда ва шаффоф ўтказиш бўйича топшириқлар берди.

 

Вазирлик бошқарма бошлиғи Олимжон Тўйчиев имтиёзли қабул қилинадиган ўқувчилар билан суҳбат ўтказиш жараёнига уларнинг ота-оналари ҳам киритилганини ва бу амалиёт аввал қўлланилмаганини таъкидлади. Бундан ташқари, ўқувчиларнинг ота-оналари ёки ўқитувчилари имтиҳон бўлаётган аудиторияга назоратчи-кузатувчи сифатида кириши мумкинлиги ҳам айтиб ўтилди. Аммо уларнинг жараёнга аралашиши қатъий таъқиқланади, тартибга риоя қилмаганлар аудитория раҳбари томонидан хонадан чиқариб юборилади. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, ота-оналар ва ўқитувчилар фақат ўзларининг фарзанди ёки ўқувчиси иштирок этаётган хонадан бошқа хонага киришига рухсат берилади.

 

Эслатиб ўтамиз, эртага, 16 август куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги  Мирзо Улуғбек номли ихтисослашган мактаб-интернатига қабул имтиҳонлари бўлади. Унда 4 та гуруҳ навбат билан соат 7:30 дан 16:00 гача тест синовларида ўз билимларини имтиҳондан ўтказадилар. Шу жараён билан танишишни , шаффофлигини назорат қилишни ва ёритишни истаган барчангизни имтиҳонларга таклиф этамиз.

Манзил:  Юнусобод тумани, Бодомзор мавзеси, Астрономия кўчаси 33-уй (Физика-техника институти биноси)