Янгиликлар

“Қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда инновацион ғоялар ва технологиялар“ мавзусида матбуот анжумани ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда инновацион ғоялар ва технологиялар“ мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва “Ўзсаноатқурилишматериаллари“ уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда қурилиш материалларини ишлаб чиқаришда жорий этилаётган инновацион ғоя ва технологиялар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

2019 йилнинг 30 май куни Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан қарор бўйича Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан умумий молиялаштириш ҳажми 7,6 миллиард сўмлик 10 та мавзу бўйича инновацион ва стартап лойиҳалар танлови эълон қилинди.

– Танловга тақдим этилган умумий қиймати 26,2 миллиард сўмлик 9 инновацион ва стартап лойиҳанинг 4 таси молиялаштиришга тавсия этилди, – дейди Инновацион ривожланиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Шуҳрат Отажонов. – Шунингдек, қиймати 24 миллиард сўмлик 6 инновацион ва стартап лойиҳа эса экспертизадан ўтказилмоқда. Лойиҳаларни шакллантиришда импорт ўрнини қоплаш, хорижий аналогига нисбатан нарх ва сифат хусусиятларини яхшилаш, маҳаллий хомашё ва техноген чиқиндиларни чуқур қайта ишлаш асосида арзон ва юқори самарадор янги қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш талаблари қўйилган.


Айни пайтда инновацион фаолият субъектлари томонидан бозорга янги қурилиш материалларини таклиф қилиш кўламини кенгайтиришга қаратилган замонавий экотизим шакллантирилмоқда. Хусусан, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги “Яшнобод” инновацион технопарки резидентлари томонидан умумий қиймати 40,6 миллиард сўмлик янги қурилиш материаллари ишлаб чиқарилиб, бунинг 524,8 минг доллари хорижга экспорт қилинди.

Тадбирда мутахассислар томонидан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасига илғор илм-фан ютуқлари ва инновацион технологияларни жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди. Таъкидланганидек, қурилиш материаллари технологияларини яратиш бўйича замонавий илмий лаборатория ташкил этилмоқда. Мазкур лаборатория умумий қиймати 1,2 миллион доллардан иборат замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади. Ҳозирги кунда илмий лабораторияни Чирчиқ шаҳар кичик саноат зонаси ҳудудига жойлаштириш, унда илмий-инновацион фаолият ва тадбиркорлик субъектларига имтиёзли асосда илмий-техник хизматлар кўрсатадиган инфратузилмани шалклантириш чоралари кўрилмоқда.


Бугунги кунда қурилиш материаллари соҳасида жами 1 минг 274 та ISO халқаро стандартлари берилган. Бу борадаги замонавий талабларни амалиётга татбиқ қилиш бўйича “Ўзсаноатқурилишматериаллари“ уюшмаси “Ўзстандарт“ агентлиги билан ҳамкорликда тизимли ишларни йўлга қўйган. Натижада ҳозирга келиб 169 турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича халқаро стандартлар қабул қилинди. Шунингдек, самарасиз, эскирган стандартлар бекор қилинди.

Матбуот анжуманида журналистлар ишлаб чиқарилаётган қурилиш материаллари сифати, нарх-навоси ошаётгани борасида берган кўплаб саволларга иштирокчилардан жавоб олди.