Янгиликлар

Ҳаммаси ўзимизники!

Тўрт ғилдиракли биолабораторияни кўрганмисиз? Кореяликларнинг супер техникасидан қолишмайдиган қўлбола экскаваторничи? Минг дардга даво печеньеларга тобингиз қандай? Ғўза чиқиндилари билан пилла қуртини тўйдириш мумкинлиги ҳам сизни ҳайрон қолдирар балки. Бундай антиқа ишланмалар дунёнинг қайси бурчагида пайдо бўлибди экан, дея бошингиз қотдими? Унда сизни яна бир бор ҳайрон қолдиришга тўғри келади. Ҳаммаси ўзимизники! Ахир, инновациялар мамлакатида яшаяпмиз. Буни, биринчи галда, олим ва ихтирочиларимиз англаб етганга ўхшайди. Йўқса, бир-биридан креатив ғоялар билан “отилиб чиқармиди”.


Ҳафта аввалида Андижонда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги инновацион ишланмалар кўргазмаси бўлиб ўтди. Тадбирни Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этиб, водийдаги олий ўқув юртлари, етакчи илмий муассасалар, тадбиркор ва фермерларни бир жойга жамлади. Ҳудудий кўргазмада илк бор хорижий ҳамкорлар иштирок этгани янада аҳамиятлидир. Улар орасида Ҳиндистоннинг Гужарат штати вакиллари ҳам бор.

 


Андижон давлат университети ҳудудидан жой олган улкан павильон меҳмону мезбонларни Ўзбекистон илм-фани ютуқлари билан таништиришга хизмат қилди. Айтиш керак, новаторларимиз тақдим этган ноу-хаулар орасида наинки кўриш, балки эътироф этишга лойиқлари ҳам талайгина. Наманганлик Фарҳод Олимбоевнинг қурилиш ҳамда дала ишларида асқатадиган экскаваторини олайлик. Бу “миттивой”ни уста бошдан-оёқ ўзи йиғиб чиқди. Ихчамгина техника 1 тоннагача юкни бемалол кўтара олади. Ковшига 500 килограмм қум, шағал ёки тупроқ сиғади. Йўл-йўлакай бетон ҳам қориб кетиши мумкин. Таннархи эса ҳеч қанча эмас — атиги 90 миллион сўм. Хорижий аналоглар билан солиштирилганда темир дастёр сизга деярли текинга тушади.
Қўлбола экскаваторни Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳам кўздан кечирди. Умумий реакция ижобий. Машинани такомилга етказиш керак, албатта. Лекин чортоқлик йигитга ғоянинг ўзи учун ҳам “беш” баҳо қўйса арзийди.
Андижон давлат университети доценти Мўйдинжон Мўминов Америка қитъасидан келтирилган амарант ўсимлигининг тўртта маҳаллий навини яратди. Ҳозирда мазкур гиёҳ бутун Ўзбекистон бўйлаб, ҳатто қорақалпоқ заминида экилмоқда. Афсуски, юртдошларимиз унинг фойдали хусусиятлари ҳақида деярли ҳеч нарса билмайди.


— Амарант таркибида қандли диабет, саратон, қамқонлик, юрак ишемик касалликларини даволашда юқори самара берадиган сквален моддаси мавжуд, — дейди Мўйдинжон ака. — Ўсимлик экстрактидан нафақат дори препаратлари, балки косметика воситалари, ҳатто нон, макарон, печеньелар тайёрлаш мумкин. Ип ва қоғоз олиш имконияти ҳам мавжуд. Қолаверса, амарант чорва моллари учун беназир озуқа ҳисобланади. Унда барча турдаги аминокислоталар жамланган. Оқсил миқдори эса маккажўхориникидан саккиз баравар кўп. Демак, амарантни етиштиришнинг ўзи кони фойда. Гранулланган ем кўринишида сотсангиз даромад янада ортади. Кўргазмада фермерларни мана шу имкониятдан хабардор этдик.


Жанубий Американинг яна бир “фарзанди” — стевия ҳам минг дардга даводир. Парагвайликлар мазкур ўсимлик баргларини овқатга қўшиб истеъмол қилади. Шу боис мамлакатда қандли диабетга чалинганлар йўқ ҳисоб. Бундай профилактика усулини Ўзбекистонда ҳам қўллаш айни муддао. Инновацион ривожланиш вазирлиги амарант ва стевия бўйича илмий тадқиқотларни давом эттириш учун жорий йилда суҳбатдошимизга грант ажратишни кўзда тутган.


Андижон машинасозлик институти физика ва кимё кафедраси мудири, доцент Гулчеҳра Умарова бажараёнган грант лойиҳаси ҳам жуда долзарб мавзуга бағишланган. Олима пилла қуртини боқишда қўшимча озуқа сифатида микрокристалли целлюлозадан фойдаланишни таклиф қилмоқда. Ушбу маҳсулот пахтани қайта ишлаш жараёнида ҳосил бўладиган чиқиндилардан олинади. У оқ кукун кўринишида бўлиб, сувда эритилган ҳолда пилла қуртлари ейдиган тут баргларига пуркаб берилади. Шу аснода асосий озуқанинг сарфини 20 фоизгача қисқартириш ҳамда ипак толасининг сифатини сезиларли даражада яхшилаш мумкин.


Инновацион ғоялар кўргазмасида мева-сабзавотларни сақлаш ва қайта ишлаш, тупроқ унумдорлигини ошириш технологиялари ҳам намойиш этилди. Мутасаддилар Марҳамат туманида қад ростаётган Андижон тажриба-кўргазма майдонининг қурилиш ишлари билан танишди.


Наргиза УМАРОВА