Янгиликлар

Халқаро робототехника бизнес форуми доирасида Ўзбекистон “Global Robot Cluster” ташкилотига аъзо бўлди

Корея Республикаси Робототехника соҳасини қўллаб-қувватлаш ассоциацияси (REPA), Халқаро робототехника кластери (Global Robot Cluster), “EXCO” кўргазмалар маркази ва Корея робототехника саноатини ривожлантириш институти томонидан 2019 йилнинг 5-8 ноябрь кунлари ташкил этилган Халқаро робототехника бизнес форумида (Global Robot Business Forum 2019) Инновацион ривожланиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Олимжон Тўйчиев бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, 2019 йилнинг 18 апрелида Корея Республикаси Президенти Мун Чже Иннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Корея Кичик ва ўрта бизнес ҳамда стартаплар вазирлиги бизнес ва стартапларни қўллаб қувватлаш мақсадида ўзаро англашинув меморандумини имзоланган. Ушбу меморандум доирасида Инновацион ривожланиш вазирлиги Кореянинг бир қатор ташкилотлари хусусан Робототехника соҳасини қўллаб қувватлаш ассоциацияси (REPA) билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиши белгиланган.

Global Robot Forum ҳар йиллик халқаро робототехника тадбири бўлиб, унда етакчи робототехника кластерлари ва уюшмалари иштирок этади. Форумда Осиё, Европа ва Океаниянинг 15га яқин мамлакатларидан келган 400 нафардан ортиқ вакиллар қатнашди. Форумнинг очилиш маросимида Робототехника соҳасини қўллаб-қувватлаш ассоциацияси раҳбари Чанг Хо Ким, “DG Tech Holdings” ижрочи директори Жайҳун Ри, Гйёнгбук технопарки директор ўринбосари Жозеф Мун сўзга чиқди.

4 кунлик форум доирасида иштирокчи-мамлакатларнинг робототехника соҳасидаги ҳозирги ҳолати, ривожланиш истиқболлари ва келгуси режалари билан танишилди, робототехника жамиятлари, университет ва тадқиқот марказлари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди ҳамда келгуси ҳамкорлик имкониятлари тўғрисида фикр алмашилди. Шунингдек, Оcиё ҳамда Кореянинг етакчи саноат ва технологик компаниялари, технопарклари ҳамда олий ўқув юртлари вакиллари билан учрашувлар ўтказилди, ўзаро манфаатли бўлган соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга келишиб олинди.

Ўзбекистон делегацияси Корея Республикасининг автомобиль ва робототехника соҳасида энг юқори ўринларда турувчи компанияларидан бири “Hyundai Robotics” компаниясида бўлиб, ушбу компаниянинг бошқарув тизими ва ишлаш механизми билан танишди. Шунингдек, Кореянинг робототехника соҳасида етакчилардан бири бўлган “Doosan” компанияси Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг бирида таълим ва ишлаб чиқаришнинг интеграциясини ривожлантириш мақсадида “KOICA” агентлиги грантлари асосида робототехника хонасини ташкил этиб бериш лойиҳасини таклиф қилди.

Ушбу форум доирасида Ўзбекистон Республикаси “Global Robot Cluster” ташкилотига 11-аъзо давлат бўлиб қабул қилинди ва ушбу ташкилот томонидан 2020 йил июль ойида Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида ўтказиладиган “Innoprom” кўргазмасига таклиф этилди.