Янгиликлар

Фарғона водийси олимлари кимё ва биология соҳасини такомиллаштириш бўйича ўз таклифларини бердилар

22 февраль куни Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Наманган муҳандислик технология институтида Фарғона водийсидаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари иштирокида семинар ўтказилди. Семинарни Инновацион ривожланиш вазирлиги илмий котиби Ноибахон Мамадалиева олиб борди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев раҳбарлигидаги 2020 йил 31 январь куни илм-фанини ривожлантиришга бағишлаб ўтказилган йиғилиш ҳамда геология соҳасидаги илмий-тадқиқот муассасаларига ташриф давомида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган кимё ва биология илм-фанини ривожлантиришга доир қарор лойиҳаси муҳокама этилди.

Семинар иштирокчилари қарор лойиҳасига қатор ўзгаришлар киритиш таклифлари берилди. Жумладан, органик ва ноорганик кимё, коллоид кимёни ривожлантириш, кимёга оид тупроқ унумдорлигини оширилиш ва мониторингига йўналтирилган замонавий тадқиқотларни амалга ошириш зарурлиги қайд этилди. Ўғит таннархи ошиб кетиши муносабати билан кимё йўналишидаги илмий-тадқиқотлар натижалари асосида ишлаб чиқарилаётган минерал ўғитлар (фосфорли ўғитлар) масаласини ҳал қилишда инновацион вазирлик кўприк вазифасини ўташи бўйича вазифа қўйилиши мақсадга мувофиқлиги муҳокама қилинди.

Ҳудудларда фаолият юритаётган олимлар учун физик-кимёвий синовларни ўтказишга тўлиқ шароитлар яратиш, улар Тошкент шаҳрига хизмат сафарига келганда меҳмонхона хизматларидан махсус чегирмалардан фойдаланиш, “Олимлар уйи”ни ташкил этиш масаласи кўтарилди. Шунингдек, ташкил этилиши режалаштирилаётган марказ, лабораторияларга вилоят олимларини ишчи гуруҳларга таклиф қилиш ва ишга қабул қилиш бўйича таклифлар берилди.

Биология соҳасида тупроқ сув ўтлари бўйича лаборатория ташкил этиш, республика энтомология маркази ва унинг вилоят ҳудудий бўлимларини ташкил этиш, вилоят ОТМлари лаборатория моддий техник базасини яхшилаш чоралари кўриш, ноёб манзарали ўсимликлар генофондини шакллантириш ва ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ген ўзгартирилган маҳсулотларнинг маркетинг ва сотувида маҳсулот ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўриш лозимлиги айтилди. Балиқчилик соҳаси (ихтиология, гидробиология, табиий озуқа базаси, омихта емни ривожлантириш) ҳамда ўсимликлар ҳимоя қилиш (фитопатология) бўйича бандлар киритиш таклиф этилди.

Бундан ташқари, магистратура ва бакалавриат босқичлари учун кимё ва биология таълим йўналишларга ажратиладиган квоталар асосан фақат Тошкент шаҳри ОЎЮлари учун ажратилиши кўзда тутилгани, ва бу режани республика ОЎЮлари кесимида ташкил этиш кераклиги таъкидланди. Умумтаълим муассасаларида кимё ва биология фанлари учун ажратилган соатлар миқдорини кўпайтириш зарурлиги ҳам қайд этилди.