Янгиликлар

Ёшларнинг ўз Академияси ташкил этилади

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар Академияси, шунингдек, ихтисослаштирилган Science Park ташкил этилади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг қарори имзоланди.  

Ҳужжатга кўра, ташкил этилаётган академияга иқтидорли ёшлар ва талабалар, шунингдек, 40 ёшгача бўлган олимлар ва тадбиркорлар, ўз инновацион лойиҳалари ва ғояларига эга бўлган жамоалар танлов асосида қабул қилинади. Давлат уларга ушбу лойиҳаларни амалга оширишда молиявий ва бошқа ёрдам беради.

Ёшлар Академияси фаолияти доирасида сунъий ақл, қайта тикланадиган энергия манбалари, робототехника, мехатроника, фармацевтика, биотехнология, дастурлаш, саноат дизайни, 3Д-моделлаштириш ва мамлакатимиз келажаги учун муҳим бўлган бошқа истиқболли йўналишлар бўйича амалий, инновацион ва стартап-лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилган.

Академия давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан ҳамкорликда ёшларнинг ижодий, интеллектуал ва тадбиркорлик салоҳиятини оширишга қаратилган.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар Академиясининг иқтидорли ёшларини юридик шахс мақомисиз қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди. Бундан ташқари, 2020 йил 1 январга қадар Вазирлар Маҳкамасига Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида дунёнинг етакчи давлатлари тажрибаси асосида барпо этилаётган «ақлли шаҳар» ҳудудида замонавий инфратузилмага эга Ёшлар Академияси аъзолари учун кичик ва ихчам Science Park ташкил этиш бўйича таклифлар киритиши лозим.