Янгиликлар

Ёш олималар  Беларусь адабиёти, халқ оғзаки ижоди ва луғатлар тузиш тажрибаси билан танишдилар  

 

Ўтган йили Ўзбекистон ва Беларусь ҳукуматлари ўртасида имзоланган икки томонлама ҳамкорлик доирасида бир гуруҳ ўзбекистонлик ёш олимлар Беларусь Миллий Фанлар академиясида стажировка ўтамоқда. Илм-фаннинг турли йўналишлари – техника, математика, табиий фанлар, гуманитар соҳа вакиллари бўлмиш стажёрлар Беларусь Миллий Фанлар академиясининг институтлари эришган ютуқлар, замонавий ишланмалар билан танишиш, тажриба алмашиш имкониятига эга бўлдилар.

Албатта, илм-фан тараққиётини гуманитар соҳасиз тасаввур қилиб бўлмайди. Буни Беларусь Миллий Фанлар академияси тарихи ҳам кўрсатиб турибди. Зеро, академия тарихи Беларусь маданияти институти номи билан боғлиқ. Ҳозирда гуллаб-яшнаётган академия 1928 йили айнан шу институт негизида шаклланган. Шу маънода академиянинг гуманитар соҳа ва санъат бўлими ташкилий тизимида муҳим ўрин эгаллаган Беларусь маданияти, тили ва адабиёти тадқиқотлари марказига ҳам Ўзбекистондан 4 нафар тадқиқотчининг жўнатилиши мантиқий асосга эга.

Ушбу марказ учта институтни қамраб олади: Якуб Колас номидаги тилшунослик институти, Янка Купала номидаги адабиёт институти ҳамда Кондрат Крапива номидаги санъатшунослик, этнография ва фольклор институти.

Тилшунослик институти фаолияти билан танишган Феруза Мусаева ва Мухтасар Жўраева тилшунослик институти тарихи, институтда бажарилаётган лойиҳалар хусусида маълумотга эга бўлди. Миллий тил корпусини яратиш, турли мактаб луғатлари, икки тилли қиёсий луғатлар, янги типдаги изоҳли луғатлар тузиш тажрибаси тадқиқотчиларда катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, икки тиллилик шароитида (маълумки, Беларусда рус ва белорус тиллари давлат тиллари ҳисобланади) белорус тилини сақлаб қолиш ва уни ривожлантириш борасидаги амалий ҳаракатлар ҳам тадқиқотчиларда катта таассурот қолдирди. Масалан, кўчалар кўркига зийнат бериб турган кўплаб ижтимоий рекламаларда бирор предмет (мева, сабзавот) тасвири ва унинг она тилидаги  номи келтирилиб, “Она тилимизнинг тоти” сингари слоганлар берилганки, бу, шубҳасиз, тил эгаларида она тилига муҳаббат туйғуларини шакллантиришга хизмат қилади.

Кондрат Крапива номидаги санъатшунослик, этнография ва фольклор институтида  стажировка ўтаётган Азиза Ахмедова ҳам институт тарихи ва архиви билан танишди. 1957 йилда ташкил топган фольклор архивида жуда қимматли халқ оғзаки ижоди намуналари сақланади. Ушбу манбаларнинг барчаси ҳозирда рақамлаштирилган бўлиб, Garamantas.lv cайтига халқ оғзаки ижоди намуналари – қўшиқ, достон, экспедиция лавҳалари жойлаштирилган. Халқ оғзаки ижодига қизиққан ҳар бир киши сайтга кириб, халқ оғзаки ижоди намуналарини кўриш ва эшитиш имконига эга бўлади. Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклор институтининг ҳам Марказий Осиёда ягона Ходи Зарифов номидаги Фольклор архиви мавжуд. Ҳозирда архив рақамлаштирилмаган бўлиб, яқин келажакда институт архивини рақамлаштириш режалаштирилмоқда. Шу маънода, ёзиб олинган оғзаки ижод намуналарини рақамлаштириш борасида анча илгарилаб кетган белоруссиялик ҳамкасбларимизнинг тажрибасини ўрганиш ва татбиқ этиш катта амалий аҳамиятга эга.

Янка Купала номидаги адабиёт институтида стажировка ўтаётган Гулжаҳон Намозова ҳам институт тарихи, бугунги куни, институтда амалга оширилаётган лойиҳалар ва айни пайтдаги фаолияти билан яқиндан танишди. Икки тиллилик шароитида беларус тили билан биргаликда адабиётини ҳам сақлаб қолишга ҳаракат қилинмоқда. Беларусь ёзувчиларининг интернетда ўз тилида саҳифаларини юритиши, кичик-кичик фиқра ҳикоялар эълон қилиши ва буларга адабиётшунослар фикрининг бериб борилиши диққатга сазовор. Бундан ташқари таржимашунослик назарияси ва таржима йўналишида ҳам бир қатор янгиликлар қилинган. Адабиёт журналларида муаллифнинг айнан ўзи томонидан қилинган таржималар бериб борилиши ҳам диққатимизни тортди. Адабиётшунослик соҳасида янги йўналишлар, замонавий тенденциялар пайдо бўлган. Бутун дунё шиддат билан ривожланаётган бир паллада миграция, гендер, инсониятнинг руҳий кечинмаларини англаш сингари қатор масалалар ҳам илм-фан назаридан четда қолгани йўқ. Беларусь адабиётшунослигида айни шу масалаларни фан билан боғлаб ўрганиш актуалдир.