Янгиликлар

Ёш олим Беларусда табиий манбалардан биологик фаол моддалар устида тадқиқотлар ўтказмоқда

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган  Беларусь Республикасидаги қисқа муддатли илмий амалиёт доирасида  мамлакатимиздан 95 нафарга яқин ёш олимлар Беларусь Миллий Фанлар Академияси илмий тадқиқот институтларида ўз малакаларини оширмоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Микробиология институти таянч докторанти  Юсупов Улуғбек Беларусь Миллий Фанлар Академияси Биоорганик кимё институтида  амалиёт ўтамоқда. У доривор ўсимликлардан ажратиб олинган эндофит замбуруғларнинг  антимикроб ҳусусиятга эга иккиламчи метоболитларининг кимёвий таркибини юқори сезувчанликка эга замонавий аналитик жиҳозларда ўрганиб, клиник олди синовларини ўтказиш билан танишмоқда.

Беларусь Миллий Фанлар Академияси Биоорганик кимё институтидаги  лабораторияларнинг деярли барчаси замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, ядро магнит резонанс каби аналитик ускуналар шулар жумласидандир.

Амалиёт давомида тўпланган кўникмалар ёш олимнинг диссертация мавзуси доирасида турли табиий манбалардан биологик фаол моддалар излаб топиш, ҳамда улардан турли дори воситалари учун фармсубстанциялар олиш жараёнларини ишлаб чиқишда муҳим аҳамиятга эга бўлиши шубҳасиз.