Янгиликлар

Электромобиль ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда ҳамкорлик ўрнатилди

Инновацион ривожланиш вазирлигида “E-Line Kazakhstan” компанияси билан ҳамкорликда электромобилларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида вазир ўринбосари Ойбек Норинбоев ва компания бош директори Р.Дюсенов билан учрашув ўтказилди. Бунда электромобилларни ишлаб чиқариш борасида ўзаро ҳамкорликда ишларни олиб боришга келишиб олинди.

Мазкур лойиҳа мамлакатимизда автомобилсозлик саноатини ривожлантириш билан бирга, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олишга ҳамда муқобил энергия манбаларини ривожлантиришга хизмат қилади.

Жаҳон бозорида электромобиллар савдоси 2017 йилда 2012 йилга нисбатан 10 мартага ошган бўлиб, “Thomson Reuters” таҳлилчиларининг прогнозларига кўра 2040 йилга бориб электромобиллар транспорт воситаларининг ярмидан кўпини ташкил қилади.

Электромобиллар қуйидаги бир қанча афзалликларга эга:

электромобиллар двигатели атроф муҳитга зарарли газларни чиқармаслиги ҳисобига атроф-муҳит ифлосланишининг камайишига олиб келади;

электромобил двигатели электр энергиясидан (муқобил энергиялар ҳисобига) қувват олиши сабабли анъанавий ёқилғи сарфини камайтиради;

электромобиллар билан тўқнашув содир этилганда тўқнашув сенсори томонидан батареялар ўчирилиши билан электромобилнинг автоматик тарзда тўхташи ва бошқа афзалликларга эгалиги сабабли Тесла Модел-С электромобили 2013 йилда АҚШда синовдан ўтган барча автомобиллар орасида энг юқори хавфсизлик рейтингига сазовор бўлган;

эҳтиёт қисмларининг сони камроқ бўлганлиги электромобилнинг ишончлилигини оширади ва натижада таъмирлаш ҳамда техник хизмат кўрсатиш харажатлари камаяди;

узоқ муддатли фойдаланиш пайтида двигателнинг нисбатан ишончлилиги ва чидамлилиги ҳамда оддий автоуловларнинг двигателларига нисбатан юқори самарадорлик коэффициенти;

батареяларни стандарт электр тармоғидан қувват олиш имкониятининг мавжудлиги харажатларни сезиларли даражада камайтириш имконини беради;

автомашина ўт олдирилган ҳамда ҳаракатланаётган вақтда камроқ шовқин пайдо бўлади;

электр двигателнинг электромагнит тормоз режимида бўлиши фавқулодда тормозланиш имкониятини беради.