Янгиликлар

Бухоро вилоятида инновацион масалалар муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 30 июль куни Бухоро давлат Университетида олимлар, профессор-ўқитувчилар, тадбиркорлар, талабалар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Шароф Ражаббаевнинг сайёр қабули бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида Ш.Ражаббаев Инновацион ривожланиш вазирлиги фаолияти ҳақида йиғилганларга маълумот берди, вазирлик томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар, танловлар билан таништирди. Шунингдек, инновация соҳасида мавжуд имкониятлар ва муаммоли масалалар муҳокама қилинди.

Шароф Ражаббаев Бухоро вилоятида мавжуд университетларда инновацион фаолиятни ривожлантириш учун аввало инновацион лойиҳалар базасини яратиш ва уларнинг яратувчилари, ташаббускорлари билан бевосита ҳамкорликда ишларни ташкил этиш лозимлиги ҳақида таъкидлади. Шунингдек, асосий эътиборни амалий, яъни қисқа муддатларда натижа берадиган лойиҳалар устида ишлаш ва амалиётга жорий этиш бўйича тавсия ва кўрсатмалар берди.

Янги ғояларни патентлаш масаласига тўхталар экан, вазирнинг биринчи ўринбосари: “Дунё тажрибасида ўрнатилган тартибга кўра патентлар 1,8 йилда берилади. Вазирлик бу муддатни қисқартира олмайди, ундан кейинги жараёнларни тезлаштиришда ва ихтирочиларга халқаро патент олишда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги билан ҳамкорликда амалий кўмак беришга тайёр”, эканлигини айтиб ўтди.

Ш.Ражаббаев бугунги кунда вилоят университетларида инновацион фаолиятни жонлантиришнинг асосий шартларидан бири сифатида, “Инновацион менежмент“ курсларини жорий этиш эканлигини алоҳида қайд этди. Ҳозирги кунда вазирлик БМТ Тараққиёт дастури ва Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда инновацион менежмент курсларини ташкил этиш бўйича халқаро тажрибаларни ўрганмоқда.

Учрашувда Бухоро Тиббиёт Университети ректори А.Иноятов мазкур тадбир ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирар экан, Олий таълим муассасалари ва Инновацион ривожланиш вазирлиги ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш зарурлигини айтди. Шунингдек, у олимларга молиявий кўмак сўнгги босқичда – ишланмаларини патентлашда эмас, ғоя ва ишланмаларни яратишнинг дастлабки босқичларида бериш лозимлиги борасида таклиф берди. Бундан ташқари, ректор вилоятларда мавжуд ОТМ ва бошқа соҳа вакилларининг инновацион ғояларини, ишланмаларини дастлабки ўрганиш ва тўплаш учун Инновация вазирлигининг вилоятлардаги бўлим ёки вакиллари лавозимларини жорий этиш таклифини қўллаб қувватлади.

Ўз навбатида, сайёр қабул иштирокчилари “Инновацион ғоя ташаббускори” кўкрак нишони, болалар технопарки ва вилоятда инновацион марказ ташкил этиш бўйича таклифлари билан чиқишди. Мазкур масалалар юзасидан Бухоро вилоятида фаолият юритувчи ташаббускор олим ва тадбиркорлар аниқланиб, улар билан келгусидаги иш режалари келишиб олинди.

 

Сайёр қабул якунида Ш. Ражаббаев Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Бухоро филиалида ташкил этилган ўқув-илмий лабораторияси фаолияти билан ҳам танишди.