Янгиликлар

Беларусда ўзбекистонлик ёш олим импорт ўрнини босувчи маҳсулот яратиш устида илмий иш олиб бормоқда

 

Ўзбекистон ва Беларусь давлатлари ўртасида имзоланган ҳамкорлик келишувига биноан “Ўзпахтасаноат” АЖ таркибига кирувчи “Paxtasanoat ilmiy markazi” АЖ етакчи илмий ходими Дилшодбек Мадраҳимов ҳам Беларусь миллий техника университетининг “Машинасозлик ва материалшунослик” кафедрасида ўзининг илмий-амалий малакасини оширмоқда.

“Ўзпахтасаноат” АЖ тасарруфидаги пахта тозалаш корхоналарини такомиллаштириш, тизим корхоналарига янги техника ва технологияларни жорий қилиш сифатли, рақобатбардош пахта толасини ишлаб чиқариб, уни жаҳон бозорига олиб чиқиш имкониятини яратади. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида 3 млн. тоннадан ортиқ пахта хом ашёси етиштирилади ва қайта ишланади.

Пахта етиштирувчи ва қайта ишловчи давлатларда ўрта толали пахтани қайта ишлаш аррали жин машиналарида, ингичка толали пахталарни қайта ишлаш эса ғўлали жин машиналарида амалга оширилади. Аррали жинларнинг асосий ишчи қисмлари аррали дисклар ҳисобланиб, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар сифати ва унумдорлиги ушбу ишчи қисм ҳолатларига боғлиқ бўлади.

Республикамиз пахтани қайта ишлаш технологиясида ишлатилувчи 4ДП-130, 5ДП-130 пахтадан толани ажратувчи жин машиналарида аррали дискларнинг ташқи диаметри 306-320 мм, тишлар сони 280 дона бўлиб, ушбу машиналарда ишлаб чиқарилган чигит тукдорлиги 11,0-12,0 % ни ташкил қилади.

Пахтани қайта ишлаш корхоналарининг ишлаб чиқариш жараёнлари таҳлилларига кўра аррали дискларнинг ишлаш муддати тишларининг ейилиши, синиши ва деформацияланиши даражасига қараб белгиланади. Ҳозирда “Пахтани дастлабки ишлашнинг мувофиқлаштирилган технологияси” регламентига асосан аррали дисклар юқори навларда 144 соат, паст навларда 72 соат, линтер ускуналарида 48 соат ишлаши белгиланган.

Аррали дисклар У8Г ва 65Г русумли пўлатлардан тайёрланиб, техник шартлар бўйича қаттиқлиги HRC 36-38 ни ташкил қилади. Ҳозирда У8Г русумли пўлатлар, 65Г русумли пўлатлар таннархидан бир неча баробар қимматлиги сабабли ишлатилаётган аррали дисклар 65Г русумли пўлатлардан тайёрланмоқда.

Республика пахтани қайта ишлаш корхоналарида ўртача ҳисобда йилига 1 млн. донадан ортиқ аррали диск ишлатилади, бундай аррали дисклар Россия Федерацияси ва Хитой Халқ Республикасидан импорт қилинади.

Беларусь миллий техника университетида малака ошираётган Дилшодбек Мадраҳимов “Машинасозлик ва материалшунослик” кафедрасида ушбу аррали дискларнинг кимёвий таркиби ва фазалар ўзгаришини сканерли электрон микроскоп варентгенли диффрактометрда ўрганмоқда. Олинган натижаларни амалиётга татбиқ этиш, аррали дискларни тоблаш технологиясини такомиллаштириш, аррали дискларга бўлган эҳтиёжни ва импорт қилинаётган дискли арралар миқдорини камайтириш имконини беради.