Янгиликлар

Беларусда стажировка ўтаётган ёш олима ўз таассуротлари ҳақида сўзлади

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан кетма кет эълон қилинаётган малака ошириш, илмий стажировка тўғрисидаги танловлар олимлар учун имконият эшикларининг кенг очилганлигини кўрсатиб берди. Жумладан, Ўзбекистон-Беларусь ҳамкорлигидаги мақсадли малака ошириш учун танлаб олинган 40 ёшгача бўлган 100 нафар ёш олим ўзларининг илмий малакаларини ошириб, ҳамкасб ҳамкорлар билан тажриба алмашишга Беларусь Республикаси заминига ташриф буюришди. Қисқа муддатли, аммо пухта ташкиллаштирилган бу ҳамкорлик ёш олимлар елкасига масъулиятли аммо, залворли вазифани юклаб қўйди. Ватанимиз, Президентимизнинг олий ишончини оқлаш ҳисси, ҳар бир олим учун сарфланган харажатга аввало кўнгил олдидаги, қолаверса ёрдамга муҳтож фан олдидаги, ортимиздан қўллари кафтини кенг очиб, ҳовучини дуога тўлдирган, шогирдларига оқ фотиҳа бериб кузатган устозлар олдидаги масъулият ҳиссини бир лаҳза бўлса-да унутмоқликка ҳақли эмасмиз.

Мақсадли малака ошириш учун юборилган ёшлар учун тайёрлаб қўйилган шароитлардан, дастур асосида ҳар бир ёш олимнинг ўз мутахассислиги йўналиши бўйича масъул илмий раҳбарларга бириктирилганлигидан ташриф буюрган ёш олимларнинг ёнган кўзларида фаннинг ривожлантириш ва алангалатиш учун етарлича учқун борлиги аниқ бўлди. Институтларга бириктирилган ёш изланувчиларнинг илк таассуротларини ифодалаш учун сўз топиш қийин. Беларусь Миллий Фанлар академияси тасарруфидаги Умумий ва ноорганик кимё институтида менинг ташрифим учун барча шароитлар яратилганлигини кўриб, биринчи куннинг ўзидаёқ шу ерлик олимлардан иш тугагач қолиб ишлаш учун рухсат сўраганимда мен ҳатто меҳмон эканлигимни ҳам унутиб қўйган эдим. Бу ердаги илк куннинг ўзида ходимга бириктирилган илмий раҳбар ёрдамида институт фаолияти билан танишиш жараёнида илғор технологиялар билан лабораторияларнинг таъминланганлиги, олиб борилаётган изланишларнинг юқори савияси, ёш кадрларнинг илмий салоҳиятидан миямга келган илк алдамчи фикрдан уялиб кетдим, бир оз виждоним олдида қизардим рости ва бу қизариш бошқа ҳолатларда ҳам такрорланди...

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фаннинг халқаро стандарт андозаларига мос ривожланиши учун олимларни қўллаб қувватлашлари ва Инновацион ривожланиш вазирлигининг ёш олимлар учун яратиб бераётган имкониятларидан фойдаланиб Ўзбекистон-Беларусь қўшма ҳамкорлик доирасидаги илк малака ошириш дастури доирасида Беларусь миллий фанлар академияси умумий ва ноорганик кимё институтининг “Полимер сақловчи дисперс системалар” ва “Адсорбент” каби лабораторияларида ўз малакамизни ошириб, бу ердаги илғор технологиялар билан танишдик. Саноат оқава сувларини тозалашнинг, адсорбентлар олинишининг янги усулларини ўзлаштирдик. Тозаланган сувни циклга қайта ишлатиш учун қайтарилиши сувни тежашга ва иқтисодий самарадорликка олиб келади. Биз ўрганган усуллар ёрдамида ва бу ердаги илғор технологияларни ўзимизда ҳам қўлланса, биринчи навбатда ишнинг сифати ошади, қолаверса олиб бориладиган тадқиқот учун кетадиган вақт беш мартага қисқаради. Илмий натижаларимиз халқаро Scopus нашрларида эълон қилиниши учун замин яратилади. Бу каби стажировкаларнинг уюштирилиши фан учун янги саҳифа очиб берди, сабаби ёш олимларимизнинг илмий фикрлашларида, дунёқарашларида ўлчами кенг ғоялар шакллана бошланди. Табиийки, аниқ мақсад билан Беларусь юртига ташриф буюрган ҳар бир ёш олим янги илмий ғоялар билан Ўзбекистонимиз фанига нафи тегадиган ишланмалар билан қайтади.

Мен фаолият юритадиган ЎзР ФА Умумий ва ноорганик кимё институтининг “Коллоид кимё” лабораториясида қатор илмий изланишлар олиб борилади. Турли зарарли моддалар билан ифлосланган саноат оқава сувларини юмшатиш ва тозалаш шу ишланмалар жумласидандир. Ҳар бир корхона қандай маҳсулот ишлаб чиқаришига қараб, суви турлича ифлосланади. Ифлосланган сувларни рухсат этилган меъёрий нормаларгача тозаламасдан туриб дарё ва денгиз ҳавзаларига оқизиб юбориш мумкин эмас. Бу аввало, дарё ва денгизда яшайдиган сув жониворлари ва сувўтларнинг ҳаётига хавф туғдиради, қолаверса атроф муҳитнинг ифлосланишига ва дарё-денгиз атрофида яшайдиган аҳоли саломатлигига жиддий таъсир кўрсатади. Бу каби жиддий экологик муаммоларнинг ечими сифатида олиб бориладиган ишланмаларда, саноатнинг оқава сувларини тозалашда янги адсорбентлар ишлаб чиқиш учун маҳаллий хом ашёлардан фойдаланилади. Адсорбент — ютувчи модда бўлиб, маҳаллий хом ашё сифатида таклиф этилаётган табиий адсорбент бу биз билган кўмирдир. Турли зарарли моддалар билан ифлосланган саноат оқава сувининг кимёвий таркибида энг камида 20 га яқин турли элементлар мавжуд. Ҳар бир элементнинг миқдорини билиш учун эса биз таркибидаги мавжуд элементлар сонига тенг миқдордаги усуллар ёрдамида аниқлаймиз. Кимёвий таркибини аниқламасдан туриб, зарарли зарралар миқдорини билмай туриб уни тозалаш учун адсорбент ёки реагентни тавсия этиб бўлмайди.

Институт лабораториясида мавжуд қурилмаларда бизнинг маҳаллий хом ашё асосида термик ва паргаз ишлов берилган адсорбентларни ҳам ўрганиш учун рухсат сўраганимда илк олинган натижаларимиз беларуслик тадқиқотчи менга фахр билан кўрсатган ўз тажрибаси натижаларига нисбатан бир ярим баравар юқори натижа эканлигини кўриб, кўксимда фахр туйғуси уйғонди. Ҳозиргидек илмий тажриба алмашиш учун йўналтирилган стажировкалар илмимиз ва фанимизнинг гуркирашига асос бўлади, деб ўйлайман. Беларусь ҳамкор ҳамкасбларимиздан ўзимиз учун янги усулларни қўллаб олий таълим—фанишлаб чиқаришни интеграциялашуви натижасида фаннинг янги саҳифаси очилишидан умидимиз катта.

Дилноза Жумаева,

ЎзР ФА Умумий ва ноорганик кимё институти

“Коллоид кимё” лабораторияси етакчи илмий

ходими, техника фанлари доктори