Янгиликлар

Ўзбекистон ва Беларусь илмий-техник кенгашлари қўшма йиғилиш ўтказдилар

2019 йил 20 ноябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник кенгаш аъзоларидан иборат делегация Беларусь Миллий Фанлар академияси раҳбарияти билан учрашув ва тадбирларда иштирок этди. Делегация аъзоларини Беларусь Миллий Фанлар академияси Президиуми раиси ўринбосари академик Пётр Казакевич қабул қилди. Шунингдек, Беларусь МФА Илмий кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Илмий-техник кенгашларининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Пётр Казакевич академия фаолияти, илм-фаннинг устувор йўналишлари, илмий-техник лойиҳаларни молиялаштириш тизими, тартиблари, эришилган ютуқлар билан таништирди.

Беларусь МФАда 7 та фан йўналиши мавжуд бўлиб, бу бўлинмаларни соҳанинг етук олимлари – академик-котиблари бошқаради. Қўшма йиғилишда ҳар бир фан йўналиши бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар, устувор йўналишлар ва илмий-тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш ҳамда амалиётга татбиқ этиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.

Ўз навбатида, Инновацион ривожланиш вазирлиги Илмий котиби Ноибахон Мамадалиева вазирлик ва унинг ҳузуридаги Илмий-техник кенгашлар фаолияти, илмий-техник лойиҳалар танловларини ўтказишнинг янги тизими, эришилган дастлабки ютуқлар ва натижалар ҳақида маълумот берди. Юртимизда ўтказилган стартап лойиҳалари танловлари ва уларнинг натижалари юзасидан ахборот берди. Бундан ташқари, илмий ва илмий техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштириш имкониятлари, лойиҳаларнинг аниқ натижага қаратилганлиги асосий мезон сифатида баҳоланаётганлигини таъкидлади. Ўзбекистон Республикасида қабул қилинган “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги Қонун, унинг мазмун-моҳияти хусусида ҳам тўхталиб ўтди.

П. Казакевич Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 75 йиллигини нишонлашга кўрилаётган тайёргарлик хусусида сўз юритиб, ўзбекистонлик олимларни ушбу йўналишда ҳамкорлик қилишга чақирди. Инновацион ривожланиш вазирлиги Илмий котиби Н.Мамадалиева ушбу йўналишда эълон қилинган лойиҳалар танлови натижаларига кўра 2 та лойиҳа молиялаштиришга тавсия этилгани, Тошкент шаҳрида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Ғалаба боғи” барпо этилишида айнан беларусь мутахассислари билан ҳамкорлик қилинаётганини қайд этди.

Йиғилиш жараёнида вазирлик ҳузуридаги фан йўналишлари бўйича Илмий-техник кенгашлар аъзолари ўз соҳалари бўйича ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан келишиб олдилар.