Янгиликлар

Олима аёллар диққатига!

Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил топгандан буён илмий фаолиятга доир илмий-тадқиқотлар танлови янги тизимда ташкил этиб келиняпти ва бугунги кунгача бу танловнинг 23-тури эълон қилинди.

Мазкур танловларда асосан тематик илмий-тадқиқот лойиҳалари, яъни илмий фаолиятнинг илғор йўналишлари, шунингдек, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг эҳтиёжлари ҳамда муаммоларидан келиб чиққан ҳолда давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эҳтиёжлари асосида ишлаб чиқиладиган, молиявий ҳажми кўрсатилган, мавзу доирасида олинадиган якуний маҳсулоти аниқ акс эттирилган мунтазам равишда эълон қилинадиган, танлов асосида молиялаштириладиган илмий-тадқиқот лойиҳалари танлови етакчилик қилиб келди.

Бундан ташқари, ташаббускор илмий-тадқиқот лойиҳалари, яъни фан ва технологияларнинг устувор йўналишларига мувофиқ илмий фаолият субъектларининг ташаббуслари асосида қабул қилинадиган, альтернатив лойиҳа таклифлари талаб қилинмайдиган илмий-тадқиқот лойиҳалари танловининг 3-босқичи ўтказилди.

Шунингдек, Беларусь Республикаси, Хитой Халқ Республикаси Россия Федерацияси, Ҳиндистон давлатлари билан ҳам қўшма лойиҳалар танловлари, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг мавжуд муаммоларини ва реал эҳтиёжларини чуқур таҳлил қилиш ва ҳудудий муаммоларни ҳал этишга қаратилган илмий-тадқиқотлар лойиҳалари, ўз харажатларини ўзи қоплаш асосида молиялаштириладиган стартап лойиҳалари танловлари ўтказилди.

Мазкур танловларга бир ярим мингдан ортиқ лойиҳалар қабул қилинди, улар техник ва илмий экспертизадан ўтказилди, вазирлик ҳузурида ташкил этилган тегишли фан йўналишлари бўйича ва стартап лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказиш мақсадида ташкил этилган Илмий техник кенгашлар томонидан кенг ва атрофлича муҳокама қилинди, уларни молиялаштиришга тавсия этиш ёки тавсия этмаслик тўғрисида тегишли қарорлар қабул қилинди.

Афсус билан шуни таъкидлаш жоизки, топширилган лойиҳаларнинг аксарияти молиялаштиришга тавсия этилмади. Бунга асосан қуйидаги омиллар сабаб бўлди:

- тақдим этилган ҳужжатларнинг тасдиқланган талабларга мувофиқлигини, шунингдек, лойиҳа ҳужжатларига кўра тақдим этилган маълумотларнининг ҳаққоний эмаслиги;

- талабномага илова қилинган шаклларнинг тўлиқлиги ва тўғрилигини, зарур имзо, муҳр ва штампларнинг мавжуд эмаслиги (шундай лойиҳалар топширилганки, битта лойиҳанинг 2 та расмий йўлланма хати, 2 та ижрочи ташкилоти Кенгаши қароридан кўчирма берилган, хат ва кўчирмаларда алоҳида алоҳида раҳбарлар имзо чеккан, лойиҳанинг титул варағида эса, ижрочи ташкилотнинг раҳбари имзоси қўйилган; битта лойиҳанинг расмий хатида битта мавзу, Кенгаш қароридан кўчирмада бошқа мавзу, лойиҳанинг титул варағидаги берилган мавзу эса умуман бошқа);

- илгари топширилган лойиҳа талабномасига ўхшаш ёки шу мавзуда бажарилган лойиҳаларнинг мавжудлиги ва лойиҳа талабномаларининг такрорланганлиги;

- ташаббускор лойиҳаларда мавзуларнинг нотўғри расмийлаштирилганлиги;

- тематик мавзуларда топширилган лойиҳалар танловини таъминлаш учун лойиҳа раҳбарлари томонидан сунъий танловлар ташкил этганликлари;

- лойиҳаларни баён қилишда диссертация, монография ва мақолалардан кўчириб берилган ҳолатлар учраганлиги;

- тақдим этилган молиявий-иқтисодий ҳисоб-китоблар нотўғри ва асослантирилмаган тарзда пала-партиш расмийлаштирилганлиги, ставкалар ва ойлик маошлари аниқ белгилаб берилмаган, сафар харажатлари кўрсатиб берилмаган;

- ижрочилар илмий салоҳияти етарли эмаслиги ва уларнинг вазифалари аниқ белгилаб берилмаганлиги (лойиҳа ижрочилари таркибига ижрочи ташкилотнинг кўплаб раҳбарлари сунъий киритилган, тегишли мутахассислар жалб қилинмаган, илмий гуруҳ таркиби кенгайтириб юборилган, вазифалар аниқ белгилаб берилмаган, вазифалар асосан таҳлил қилиш, тадқиқ этиш кабилар билан белгилаб қўйилган);

- илмий экспертиза натижалари бўйича тақдимот жараёнида лойиҳанинг асосий мазмуни, кутилаётган натижа аниқ очиб берилмаганлиги ва ш.к.

Топширилган лойиҳалар мазмун моҳиятига кўра амалий мақсадларга эришиш ва аниқ вазифаларни ҳал этиш учун асосан янги билимларни ва фундаментал тадқиқотлар натижаларини қўллашга аниқ йўналтирилмаган, амалга ошириш муддати, инфратузилмаси, ижрочилари, молиялаштириш манбаи ва ҳажмига эга инновацияни яратиш ва ишлаб чиқаришга тўғри ва мақсадли аниқ йўналтирилмаган, тажриба-конструкторлик лойиҳаларида тажриба, конструкторлик намуналари, асбоблар, материаллар, буюмлар ва бошқа илмий ишланмаларни лойиҳалаш, тайёрлаш ва синовдан ўтказиш, ривожлантириш билан боғлиқ механизмлар аниқ очиб берилмаган;

лойиҳанинг ижрочи ташкилотларида асосан илмий-тадқиқот лойиҳасини амалга оширувчи илмий фаолият субъектлари, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик фаолияти билан шуғулланиши учун етарли салоҳият, моддий техник база мавжуд эмаслиги ва бунинг зарурати лойиҳаларда асослабберила олинмаганлиги;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатларида белгиланган давлат сиёсати вазифаларининг илмий ечимини таъминлашга йўналтирилган, шунингдек, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари олдида турган ўзига хос муаммоларни ҳал этиш бўйича илмий асосланган комплекс ечимларни ишлаб чиқишга қаратилган, танлов ташкил қилиш учун альтернатив лойиҳа таклифларини шакллантириш имкони чегараланган илмий-тадқиқот лойиҳалари;

Давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари асосида амалга ошириладиган мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳалари бўйича таклифларда таклиф қилинаётган илмий лойиҳанинг мақсадлилиги, ўзига хослиги ва танлов ташкил қилиш учун альтернатив лойиҳа таклифларини шакллантириш имкони йўқлиги ёки чегараланганлиги аниқ асослаб берилмаганлиги;

Ташаббускор илмий-тадқиқот лойиҳалари илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик фаолиятини амалга оширувчи бошқа манфаатдор ташкилотларнинг асосланган таклифлари асосида илмий тадқиқотларнинг устувор йўналишларига мувофиқлиги кўрсатиб асослаб берилмаганлиги;

Тематик лойиҳалар танловига ҳужжатлар топширилиши бўйича ижрочи ташкилот масъуллари томонидан хато ва камчиликларга йўл қўйилиши, бир неча марта огоҳлантирилишига қарамасдан лойиҳа илмий раҳбарининг ўзи лойиҳасини топшириш учун келиши, муддатининг охирги санасигача танлов ҳужжатларида белгиланган талабларга жавоб берадиган тарзда расмийлаштирилмаганлиги, электрон порталдан ўтишда нотўғри маълумотлар киритилиши;

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эълон қилинган шу кунларда давом этаётган  “Олима аёллар грантлари” ташаббускор амалий ва инновацион лойиҳалар танловида иштирок этиш шартлари берилган тақдимот тайёрланди. Мазкур тақдимотдан бошқа турдаги лойиҳаларни тайёрлашда ҳам фойдаланиш мумкин.