Янгиликлар

АКТ соҳаси келажагига назар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг 2019 йил 24 май куни Ўзбекистон Миллий университетида таълим ва илм-фан соҳаси вакиллари билан бўлиб ўтган учрашуви мажлиси ҳамда Тошкент шаҳри Олмазор туманига ташрифи давомида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлигининг илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини ўрганиш бўйича комиссиясининг ишчи гуруҳлари тегишли ўрганиш жадваллари тузилган.

Мазкур жадвалга асосан Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги “UNICON.UZ” Давлат унитар корхонаси, ҳамда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологиялари илмий-инновацион маркази фаолияти ўрганиб чиқилмоқда.

Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаровнинг таъкидлашича, бугунги кунгача бир қатор илмий-тадқиқот муассасаларининг фаолияти ўрганилганда кўплаб тизимли камчиликлар аниқланди. Камчиликларни бартараф этиш юзасидан соҳа мутахассисларини кенг жалб этган ҳолда ечимлар ишлаб чиқилмоқда.

— Форсайт инглиз тилидан “келажакка назар” деган маънони англатиб, бирон бир воқеа, жараён, ҳодисани бир неча йил олдинга назар ташлаган ҳолда келажакдаги ҳолатини кўздан кечириш деганидир. Демак, бугунги форсайт тадбиримиз ҳам айнан АКТ соҳасининг ҳозирги ҳолати, муаммоларни аниқлаган ҳолда, унинг яқин ва узоқ истиқболига назар солиб, соҳа ривожига ҳисса қўшадиган ечимларни, йўналишларни аниқлашдан иборат, — деди А.Назаров.

Тадбир доирасида, хусусан, Ўзбекистон Республикасида ахборот-коммуникация технологияларнинг илмий асослари ва муаммоларига доир масалалар кўриб чиқилди:

1. Ўзбекистон ахборот-коммуникация технологияларида рақобатни ривожлантириш;

2. АКТ соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;

3. Ўзбекистон ахборот-коммуникация технологияларининг ҳозирги ҳолати ва инновацион ривожланишининг асосий муаммолари;

4. АКТ соҳасида илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштиришда давлат иштирокининг асосий йўналишлари ва рағбатлантириш механизмлари.

Юқоридаги масалалар реал иқтисодиётнинг барча соҳаларида АКТ ни ривожлантиришга қаратилган.

Форсайт тадбирида иштирок этиш учун ҳамкор вазирлик ва идоралар вакиллари, бир қатор йирик интернет провайдерлар ва алоқа операторларининг мутахассислари, олий таълим муассасаларининг мутасадди ходимлари ва ёш тадқиқотчилар таклиф этилган.