Янгиликлар

Адиблар хиёбони зиёрати

Инновацион ривожланиш вазирлиги ходимлари куни кеча Президентимиз ташаббуси билан бунёд этилган Адиблар хиёбонини зиёрат қилишди. Шунингдек, ушбу масканда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда яқинлашиб келаётган катта байрам – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан маданий-маърифий тадбир ҳам бўлиб ўтди.

Тадбир миллатимиз қуёши, шеърият мулкининг султони ҳазрат Алишер Навоий пойига гуллар қўйиш билан бошланди. Тадбир очилишида Инновацион ривожланиш вазирининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи Исажон Султон ушбу хиёбон барпо этилишининг мазмун-моҳиятига тўхталиб, бу борадаги режа 2017 йил 3 февраль куни мамлакат раҳбарининг Алишер Навоий номидаги Миллий боққа ташрифи чоғида белгиланганини, ўша йили 18 апрелда давлат раҳбарининг тегишли қарори қабул қилиниб, хиёбоннинг меъморий-ғоявий лойиҳаси ишлаб чиқилганини эслатди. Ўтган вақт мобайнида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, 8 гектардан зиёд майдонда Адиблар хиёбонининг мана шу кўркам, яхлит меъморий ансамбли яратилди. Шунингдек, жорий йилнинг 20 май куни давлат раҳбарининг Адиблар хиёбонига ташрифи чоғида айтилган «Адабиёт халқнинг юраги, элнинг маънавиятини кўрсатади. Бугунги мураккаб замонда одамлар қалбига йўл топиш, уларни эзгу мақсадларга илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш керак. Аждодлар меросини ўрганиш, буюк маданиятимизга муносиб буюк адабиёт яратиш учун ҳамма шароитларни яратамиз» деган сўзларининг мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, шоир Ғайрат Мажид мазкур даргоҳдан ўрин олган улуғ мутафаккир адиблар, ватан эрки ва озодлиги учун жон фидо қилган жадид боболаримиз, эл-юрт равнақи учун заҳмат чеккан шоир ва ёзувчиларимиз ҳаёти ва ижоди ҳақида сўзлади. Ушбу хиёбон мамлакатимиз Миллий боғида, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг янги биноси ва Тошкент шаҳар музейи қуршовида, мамлакатнинг қоқ юрагида жойлашганига эътибор қаратиб, эл-юрт ва халқ хизматида бўлган кишилар ёди ҳеч қачон унутилмаслигини, бу даргоҳ шонли тарихимиз, юксалаётган бугунимиз ва келажагимизни бирлаштирувчи тимсолларни ўз бағрига олганини таъкидлади. Шоирнинг яқинлашиб келаётган ўзбек тили байрами кунига бағишланган «Она тилим» шеъри барчага манзур бўлди.

Вазирлик ходимлари дарҳақиқат, ушбу маскан мамлакатимиз маънавиятининг қутлуғ маркази эканини, ҳар бир оила ўз фарзандлари билан зиёратга келадиган улуғ даргоҳга айланганини эътироф этиб, катта таассуротлар олишди.