Янгиликлар

Абу Али ибн Сино мактаби ўқувчиси Халқаро математика олимпиадасида бронза медалини қўлга киритди

Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 8-синф ўқувчиси Саидолимхон Жасурбеков 2019 йил 27 октябрь куни Сингапур ва АҚШ (MOEMS) ҳамкорлигида Тошкент шаҳридаги Ломоносов номидаги Москва давлат университети филиалида ташкил этилган Халқаро математика олимпиадасида бронза медалини қўлга киритди.

Олимпиада шартига кўра, ҳар бир иштирокчи 1,5 соат давомида 25 та топшириқни ечиб, уни асослаб бериши лозим. Сўнгра ҳар бир иштирокчининг якуний тўплаган баллари асосида Ҳакамлар ҳайъати томонидан ғолиблар аниқланади ва расман эълон қилиниши белгиланган.

Мазкур олимпиадада Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 8-синф ўқувчилари Саидолимхон Жасурбеков ва Суннат Рамзиддинов қатнашдилар. Ҳакамлар ҳайъатининг якуний хулосасида Жасурбеков Саидолимхон олимпиада бронза медали соҳиби деб топилган.

Халқаро математика олимпиадаси (ХМО) 1959 йилдан бошлаб

5-9- синф ўқувчилари ўртасида ташкил этиб келинмоқда. Дастлабки, Халқаро математика олимпиадаси Руминияда ўтказилган.Охирги 5 йил давомида ушбу олимпиаданинг нуфузи ошиб, дунёнинг 100 га яқин давлатларидан ўқувчилар қатнашмоқда.

Саидолимхон 2005 йил 11 ноябрь куни Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида туғилган. Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги 42-сонли умумий ўрта таълим мактабида ўқиган. 2019 йил август ойида Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ўтказилган қабул тест синовлари якуни бўйича 46 балл тўплаб, сўнг 8-синф ўқувчилари сафига қабул қилинган.

Айни кунда, у ўзининг тиришқоқлиги ва янгиликларга интилиши ҳамда хулқ-атвори билан ўқувчилар ўртасида ҳурмат қозонган. Шунингдек, ихтисослаштирилган фанларни ўзлаштиришда ва мустақил илмий-тадқиқот ишларида юқори натижаларга эришмоқда.