Янгиликлар

Президентимизнинг юқумли бўлмаган касалликларга қарши кураш йўлидаги ҳиссаси мукофотланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мукофотига сазовор бўлди. Бу билан Ўзбекистон Президентининг юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашишга қўшган ҳиссаси муносиб баҳоланди.

Таъкидлаш жоизки, юқумли бўлмаган касалликлардан (ЮБК) ҳар йили 41 миллион киши оламдан кўз юмади, бу дунёдаги ўлимларнинг 71 фоизи демакдир. ЮБК инсондан инсонга юқмайдиган, сурункали, одатда секин ривожланадиган хасталиклар бўлиб, улардан энг кўп учрайдиганлари юрак-қон касалликлари, (масалан, инсульт ва инфаркт) саратон касалликлари, сурункали респиратор касалликлар (масалан, ўпка касалликлари ва астма) ва қанд касаллигидир. Мазкур касалликларни эрта аниқлаш, скрининг қилиш, даволаш ҳамда беморларга ўз вақтида ёрдам кўратиш ЮБК га қарши курашишнинг асосий омиллари саналади.

Юртимизда бирламчи тиббий ёрдамнинг юқори даражада ташкил этилгани, сурункали касалликлар профилактикаси ва даволанишига аҳамият берилаётгани ЮБКни эрта аниқлаш ва ўз вақтида даволанишига сабаб бўлмоқда. Ўз навбатида ўз вақтида ташкил этиладиган бундай тадбирлар иқтисодий нуқтаи назардан юқори самарали инвестиция ҳисобланади негаки, айнан шу тадбирлар қиммат даволаниш муолажаларга бўлган талабни қисқартиради.

ЮБК ва камбағаллик ўртасида ҳам узвий боғлиқлик мавжуд. Сурункали касалликлар харажатларнинг ошишига олиб келади, хусусан, таълимга сарфланиши керак бўлган харажатларининг қисқаришига олиб келади. ЮБКнинг алоҳида одамлар ва жамиятга салбий таъсирини камайтириш ишларида иқтисодиётнинг барча соҳалари — соғлиқни сақлаш иштирок этилиши талаб этилади, молия, транспорт, таълим, қишлоқ хўжалиги, статистика ва бошқаларнинг иштироки талаб этилади.

Саломатлик ҳамиша инсоннинг энг қимматли бойлиги саналган. Инсон баркамол вояга етиши, самарали меҳнат қилиши, сифатли ҳаёт кечириши учун соғлик керак. Бунда инсон жисмонан, руҳан ва ижтимоий жиҳатдан соғлом бўлиши унинг жамият ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиши, юрт равнақи учун меҳнат қилиши, янги кашфиётлар, мураккаб тадқиқотларни амалга ошириши учун замин яратади. Зеро, соғлом миллат Президентимиз барпо этаётган янги жамиятнинг келажаги, соғлом авлодлар эса мамлакатни инновацион ривожланиш стратегиясининг асосий йўналиши бўлган инсон омилига берилган катта эътибордир. Шу жиҳати билан ҳам ушбу мукофот миллатимиз қадри ошаётгани ва юксалаётганининг илк нишонасидир.

Инновацион ривожланиш вазирлиги Президентимизни ушбу юксак мукофот билан табриклайди ва ҳозирда кўплаб соҳаларда юз бераётган ўзгаришлар туфайли давлатимизнинг юксалишига, юртимиз вакилларининг юқори марраларни эгаллашига ишонади.