Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазири Андижон тажриба-кўргазма майдони қурилиш ишлари билан танишди

Андижон вилоятида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан 25-26 февраль кунлари ўтказилаётган қишлоқ хўжалигида инновациялар йўналишида Андижон инновацион ғоялар кўргазмаси доирасида инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Марҳамат туманидаги Андижон тажриба-кўргазма майдонининг қурилиш ишлари билан танишди.

Мазкур майдонда инновацион ғоялар ва лойиҳалар, маҳсулотлар ва технологияларнинг истиқболли турларини ишлаб чиқишда ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш, илмий ва лаборатория тадқиқотларини олиб бориш, тажриба намуналарини, саноат маҳсулотларининг прототипларини ишлаб чиқиш ва уларнинг натижаларини ишлаб чиқаришга жорий қилишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади.

Андижон тажриба-кўргазма майдони Марҳамат туманида 9 гектар ер майдонида барпо этилмоқда. Кўргазма майдони ҳудудида амарант, киноа, павловния, годжа, расторопша, чиа (иссиқхонада), эйхорния, пистия ва азолла ўсимликлари синов тажриба тариқасида экилади.

Кўргазма майдонида қайта тикланувчи энергия манбаси сифатида Биогаз қурилмаси ўрнатилиб, унда эйхорния ва амарант ўсимликларидан биогаз олиш, амалдаги ҳайвон гўнгидан олинган биогаз миқдорида бир неча марта арзон ва самарадор эканлиги амалда кўрсатилади.

Кўргазма майдонида Павловния дарахтини кўпайтириш лабораторияси, юқори оқсилли ем яратиш цехи, энергетик қурилмалар яратиш цехи барпо этилади. Ушбу ҳудудда олиб борилиши кўзда тутилган яна бир йўналиш суғориш тизимидаги инновацион изланишлар бўлади. Фақатгина оқим кучидан фойдаланиб, сувни харажатсиз юқорига кўтарувчи гидротаранларнинг турли модификациялари кўргазма майдонига ўрнатилади. Бундан ташқари, шаршарасиз оқим сувининг энергиясидан фойдаланиб, сувни юқорига кўтариш қурилмалари яратилиши ва ишга туширилиши режалаштирилган. Бу унчалик катта бўлмаган ер майдонларини ортиқча сарф-харажатсиз суғориш имконини беради.

“Андижон тажриба-кўргазма майдони” замонавий халқаро технологияларни трансфер ва интеграция қилиш жараёнида уларни тажриба синовларидан ўтказишга хизмат қилади.