Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги Туркия билан венчур жамғармаси ташкил этади

8 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Туркия савдо палаталари ва товар биржалари уюшмаси Венчур капитал кенгаши раҳбари Гоктекин Динчерлар бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Томонлар ҳамкорликдаги 2 млн. АҚШ доллари миқдоридан кам бўлмаган ўзбек-турк венчур жамғармасини тузиш масаласини муҳокама қилдилар. Мазкур венчур жамғармасини ташкил этишдан мақсад инновацион лойиҳаларни ва стартапларни молиялаштириш орқали юртимиз венчур экотизимини ривожлантиришдир. Инновацион ривожланиш вазирлигида бўлиб ўтган музокаралар давомида венчур молиялаштиришдаги ҳамкорликнинг кейинги йўналишларини белгилаб олиш масалалари муҳокама қилинди.

Туркий тилли давлатлар Ҳамкорлик кенгаши (ТТДҲК) йиғилиши доирасида қабул қилинган ҳужжатларни амалга ошириш мақсадида қўшма технопарклар, стартап корхоналар, инновацион компаниялар ва венчур компаниялар тузиш орқали кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантириш белгиланган. Бунда ТТДҲКга аъзо-давлатларнинг, хусусан Туркиянинг бу соҳадаги тажрибасини ўрганиш ва жорий этиш кўзда тутилган.

Учрашув натижаларига кўра Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Туркия савдо палаталари ва товар биржалари уюшмаси Венчур капитал кенгаши ўртасида Англашув меморандуми имзоланди.

Томонлар қўшма венчур жамғармасини ташкил этиш билан бир қаторда икки давлат инновацион экотизимини ривожлантиришга қаратилган инвестицион ва венчур ҳамкорлик дастурларини амалга олишга келишдилар. Шунингдек, инновацион лойиҳалар, стартаплар ва бошқа истиқболли лойиҳаларга инвестиция киритиш мақсадида малакали инвесторлар капиталини яратиш, жамлаш ва бошқариш бўйича ҳамкорлик ўрнатилади. Мазкур соҳада ахборот алмашиш, юқори технологияли стартап лойиҳаларни амалга ошириш ва молиялаштириш, турли тадбирлар, конференциялар, тренинглар ўтказиш, кадрларнинг малакасини ошириш ишлари олиб борилади.