Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги Президентимизнинг 5 ташаббусини Хоразм вилоятида амалга оширмоқда

Мамлакатимизда ўсиб келаётган ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, баркамол авлодни шакллантириш бўйича чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Бунда, Президентимиз томонидан илгари сурилган, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилинаётган, ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббус долзарб вазифага айланган. Ҳар бир ташаббус ёшларни ҳар томонлама ривожланишлари учун янада кўпроқ эътибор ва шароитларни яхшиланишига хизмат қилади. Ёшларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш орқали маънавий ва жисмонан баркамол, билимли авлодлар шаклланади.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида вазирлигимиз томонидан тизимли ишлар ташкил қилинмоқда. Хусусан, Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари О.Норинбоев ташаббус доирасида Хоразм вилояти Урганч тумани 2-сон Ўрта умумтаълим мактаби ва Хива шаҳар болалар шаҳарчаси Меҳрибонлик уйига борди ва ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилиш ҳамда ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича учрашув ўтказди, уларга китоб ва спорт билан шуғулланишлари учун спорт анжомлари (футбол, волейбол, баскетбол коптоклари, бадминтон, стол тенниси учун ракетка ва сеткалар, шашка ва шахмат, волейбол учун сеткалар, болалар бокси учун қўлқоплар ва бокс қопи) топширилди.

Ўз навбатида, Урганч тумани 2-сон умумтаълим мактаби директори Манзура Шарипова вазир ўринбосари Ойбек Норинбоев томонидан мактаб кутубхонасига тақдим этилган китоблар ўқувчиларнинг кўпроқ билим олишларига, тинимсиз изланишда бўлишларига кўмак беришини қайд этди.

Шунингдек, Хива шаҳар болалар шаҳарчаси Меҳрибонлик уйи директори Виктория Юсупова болалар учун тақдим этилган китоблар уларнинг маънавий иммунитетини кучайтиришга хизмат қилишини таъкидлади ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда болалар ўртасида энг фаол китобхон танловини ўтказиш бўйича келишиб олинди.

Қизиқарли китобларни ўқиш завқини туйиш арафасидаги болажонлар меҳмонларни ўзлари ёдлаган шеърлар, ўрганган қўшиқлари билан хушнуд этдилар.

Шу билан бирга, ёш бўлишига қарамай ўз устида изланаётган, мактабда “Хун” деб номлаган тупроқ ва жисмларни юк машинасига ортадиган робот ва фавқулодда вазиятларда ҳаракатлана олувчи робот ихтиролари учун 8-синф ўқувчиси Рашидбек Бекбергановга 1 млн.сўм мукофот пули ва “Фахрий ёрлиқ” тақдим этилди.

Шу билан бирга, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишини янада рағбатлантириш мақсадида, спортда эришган ютуқлари учун 9-синф ўқувчиси Шерзод Рустамовга “Фахрий ёрлиқ” ва спорт анжомлари топширилди.

Мазкур тадбирлар ўсиб келаётган ёшларнинг кучига куч ва ғайратига ғайрат қўшиши билан уларни буюк аждодларимизга муносиб авлодлар бўлиб камол топишларига рағбат бўлиб хизмат қилади.