Янгиликлар

Таълим ва илм-фан интеграциясида Ўзбекистон  эришган ютуқлар

Ҳиндистоннинг «The Diplomatist» журналида “Achievements of uzbekistan in integration of education and science” мақоласи чоп этилди. Халқаро муносабатлар ва хорижий ҳамкорлар фаолиятига бағишланган мазкур нашр ҳар ойда чоп этилади ҳамда ўқувчиларни турли ҳудудлардаги фикрлар, қарашлар ва воқеликлар билан таништиради. Қуйида мазкур мақоланинг ўзбекча матнини эътиборингизга ҳавола этамиз.

 

Илм-фан интеграцияси

Бугунги тезкор глобаллашув даврида янгиланиш ва юксалиш ҳар бир соҳада интеграциялашувни, инновацион тафаккурни ва уларга асосланган жамоавий инновацион муҳитни талаб этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек “...энг муҳим вазифа – халқимиз онгида инновацион тафаккурни шакллантириш. Инновациялар бўлмаган жойда ривожланиш ва рақобат ҳам бўлмайди...”.

Жамоавий инновация бу ижтимоий ва иқтисодий секторларда интеграциялашувга эришиш, оригинал ихтироларнинг ворислик асосида намоён бўлишига ҳамда “илм орқали билим” тамойили қонуниятига кўра ривожланиб, тараққиёт даражаси кўтарилишига шарт-шароит яратишдир. Бугунги кун инновацион билимларнинг интеграциялашувини, муаммоларни теран англаш туфайли пайдо бўлган ғоядан бошланувчи илмий тадқиқот, соҳа илмий-техник кадрларининг фаол ҳамкорлиги, янгиланишга асосланган фаровон ҳаёт, ижтимоий ва иқтисодий юксалишларни таъминловчи омил, яъни бозорда ўз ўрнини топган ихтиро эканлигини исботлади.

Илм-фан ва таълим ўртасида интеграциясини таъминлаш мақсадида ўтган 2020 йилда Фанлар академиясининг 65 нафар академиклари республиканинг 33 та академик лицейлари, 27 та касб-ҳунар коллежлари, 29 та олий таълим муассасалари ва 36 та хўжалик ташкилотларига, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш марказининг 21 нафар академиклари ва мухбир аъзолари эса республиканинг 8 та академик лицейларига, 8 та касб-ҳунар коллежларига, 8 та олий таълим муассасаларига ва 13 та хўжалик ташкилотларига бириктирилди.

Академикларга бириктирилган таълим муассасалари ва ташкилотларда амалга ошириладиган ишлар бўйича жами 162 та, жумладан, Фанлар академиясининг академиклари бўйича 125 та, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш марказининг академиклари ва мухбир аъзолар бўйича 37 та чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Амалга оширилган мазкур фаолият таълим жараёнига олимларни жалб этиш билан биргаликда, илмни ёшартириш ҳамда илмни омма учун кенг тарғиб қилиш учун босқичма-босқич эришишни ҳам назарда тутади. Хусусан, бунинг натижаси ўлароқ кўриш мумкинки, кейинги давр мобайнида академиклар томонидан олиб борилаётган илмий фаолият тўғрисида республика газеталарида 41 та мақола, радио каналлари орқали 17 та эшиттириш, телевидение орқали 35 та кўрсатув ва республиканинг веб-порталларида 38 та мақолалар эълон қилинди.

Дунёда таълим ва илм-фан интеграциясида университетлар бир қатор мустақилликларга эга. Масалан, ишлаб чиқаришда илмий индикаторларни ошириш, академик ва илмий мустақиллик, ўз илмий йўналиши ва уни олиб бориш шаклларини мустақил белгилаши нуқтаи назаридан таълим муассасалари бир мунча эркинлиги уларнинг ишга ёндашувида ҳам таълим ва илмий фаолият менежментида ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Бу борада илм-фан ва таълим соҳасида давлатнинг назоратчилик функциялари йилдан йилга камайиб, илмий фаолиятни эркинлиги учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Ҳозирда таълим-фан интеграциясини таъминлаш учун амалга оширилаётган ишлар натижасида иқтидорли ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб қилиш борасидаги мавжуд чекловни бартараф этган ҳолда фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси асосида тадқиқотларни ташкил этиш ҳамда шу асосда илмий салоҳиятни мустаҳкамлаш ва олий малакали кадрлар селекциясини амалга оширишга эришилмоқда, илмий мактаблар нуфузини янада ошириш ва янги илмий мактабларни шакллантириш ва ривожлантириш учун шароит яратилмоқда. Илм менежменти юзасидан амалга оширилаётган ишлар натижасида университетлар ва илмий институтларнинг ҳамкорлигини ташкил этиш бўйча қатор ташаббуслар қўллаб-қувватланмоқда. Мамлакатда энг муҳим ҳодисалардан бири шунингдек, илмий ва илмий-педагог кадрларнинг ижтимоий мақомини юксалтириш йўлида ҳам моддий рағбат, ҳам тарғибот ишлари йўлга қўйилди.

Илмий даражалар бериш бўйича амалга оширилган ўзгаришлар натижасида 5 йил ичида илмий даражага эга кадрлар салоҳияти мамлакат бўйича 5 баробарга ортди. Бу дегани илмий изланишга қизиққанлар ичида ёшлар кўпаймоқда. Соҳалар кесимида қуйидаги аҳамиятли рақамларни келтириш мумкин, DSc, PhD илмий даражаларида тасдиқланганларнинг 44 фоиз (2308 нафар) аниқ, табиий ва техника фанлари, 40 фоиз (2095 нафар) ижтимоий-гуманитар ва 15 фоиз (805 нафар) тиббиёт фанлари йўналишига тўғри келади. Шу даврда 200 га яқин илмий даража олганлар хориждаги Университетларда фаолият олиб борган бўлиб, улар орасида аниқ, техника ва табиий фанларининг улуши – 59 фоиз (98 нафар), ижтимоий-гуманитар фанлар улуши – 30 фоиз (50 нафар), тиббиёт фанлари улуши – 11 фоиз (18 нафар)ни  ташкил этади.  Қиёслаш учун таъкидлаш жоиз, 2016 йилгача бўлган даврда хориждаги илмий даражалар дипломлари тасдиқлаш мураккаб бўлиб, 3 йил давомида атига 7 та диплом тан олинган, ҳозирда илгари мавжуд бўлган сунъий тўсиқларни бартараф этишга эришилган бўлиб, мамлакатдаги илм-фан учун амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро интеграция тамойили асосида илгари сурилмоқда.

Жумладан, ҳозирда халқаро нуфузи баланд университетларда илмий иш олиб бораётган, илм-фан интеграцияси учун натижакор фаолиятга жалб этилган ўзбек ёшлари салмоғи ошиб бормоқда, яқин 5 йилда бу кўрсаткичлар 2 баробарга кўпайиши кўзда тутилмоқда. Бу эса хорижда орттирилган илмий тажрибага эга салоҳиятли кадрларнинг эртага мамлакатга берадиган фойдаси ва мамлакат иқтисодиёти ва илм фанини ривожлантиришда қўшадиган ҳиссаси бир неча баробар ортишини назарда тутади.

Албатта илм-фан ҳақида гапирилганда гендер тенглиги индикаторини унутмаслик муҳим. Жамиятда ва илмий фаолиятда хотин-қизларнинг фаоллигини янада ошириш, уларнинг самарали иштироки юзасидан шарт-шароитлар яратилиши натижасида бугунги кунда илмий даражада тасдиқланганлар таркибида аёлларнинг улуши 40 фоиз яқинни ташкил этади (DSc бўйича 31 фоиз, PhD бўйича 36 фоиз).

Интеграциялашувнинг хусусиятлари ва динамикаси

Бугунги кунда, университетларнинг илмий ва академик мавқеини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган яна бир муҳим ўзгариш борасида тўхталиб ўтиш жоиздир. Олдинги даврдаги давлатнинг университетлар фаолиятидаги назоратчилик функцияси тобора камайиб, мамлакатда илмий даражалар ва илмий унвонларда мустақил тасдиқлаш бўйича университетларга ваколатлар берилиши учун сиёсий даражада қарор қабул қилинди. Албатта буни босқичма-босқич амалга оширилиши назарда тутилмоқда, аммо 10 йил ичида бунинг натижасида университетларнинг илмий салоҳиятини ошириш, уларнинг чет эл профессор ўқитувчиларини жалб этиш учун яхши имконият бўлиши, таълимни интеграцияси ва интернационализация учун ҳам замин яратилиши борасида прогноз қилиш мумкин. Бу ишларни нималарда кўриш мумкин: 2019 йилда бинар ҳимоялар бўйича Ўзбекистон Миллий университетига талабгорларни фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларида мустақил тасдиқлаш ваколати берилди, 2020 йилда Математика институти ҳамда Ўсимлик моддалари кимёси институти, Полимерлар кимёси ва физикаси институти, Ўзбекистон миллий университети, Биофизика ва биокимё институти, Ботаника институти, Қорақалпоқ давлат университети, Минерал ресурслар институти ва Тошкент ахборот технологиялари университетига талабгорларни фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларида мустақил тасдиқлаш ваколати берилди, 2020 йилда Тошкент давлат педагогика университетига мазкур университет ходимларини  илмий унвонларда тасдиқлаш ҳуқуқи берилди,

Республика Фанлар академиясида илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш ва иқтисодиёт соҳасига жорий этиш учун тасдиқланган 39 та лойиҳа ишлаб чиқилган. Улар иқтисодиётнинг турли соҳаларига оид бўлиб, ишлаб чиқарувчилар ва олимлар ҳамкорлигида амалга оширилиши назарда тутилади.

Халқаро эътироф ва тажрибада

Дунёни илм орқали забт этиш аҳамияти Ўзбекистондек ёш ва халқаро майдонга илдам чиқаётган мамлакат учун жуда зарур. Шундай имкониятлардан бири ўзбек олимларининг Tenure track позициясига профессор ва профессор ассистенти сифатида тан олинишидир. Олимнинг эркинлигини таъминлаш борасида бундай ютуқни ўзбек олимаси қўлга киритди. 2020 йил февралида Колумбия университетининг tenure track позицияси, яъни умрбод профессорлик лавозимига илк ўзбек ёш олимаси - 33 ёшлик Азиза Шаназарова қабул қилинди. Азиза Шаназарова Female religiosity and gender history in pre-modern Central Asia (Ўрта асрлардаги Марказий Осиёда гендерлик тарихи ва аёллар диндорлиги) мавзусида АҚШнинг Индиана – Блумингтон университетида докторлик диссертациясини ёқлади.  Азиза 33 ёшида 2 та йўналишда (диншунослик ва Марказий Осиё тарихи) PhD – фалсафа фанлари доктори илмий даражасини олди.

Яна бошқа бир ёш олим Жамшид Жамбулов, у дунёнинг энг нуфузли университети бўлган АҚШнинг Гарвард тиббиёт университетига ўқишга қабул қилинди. Жамшид мазкур университетда юрак жарроҳлиги бўйича таҳсил олди ва фаолият юритмоқда.

Шунингдек, халқаро тажрибада кўриш мумкин, жуда кўп илғор мамлакатлар масалан Ж.Корея, Хитой, Япония, Франция, Туркия, Индонезия, Исроил, Сингапур каби давлатларда ёшларни хорижий мамлакатларда таълим олишлари ва ўз ватанларига қайтишларини қўллаб-қувватлаш, мазкур ёшларнинг илмий салоҳиятидан кенг фойдаланиш механизми яратилган. Бу халқаро тажриба бошқа ривожланаётган давлатлар тараққиёти учун муҳим тажриба бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистонда ҳам истиқболли ислоҳотларнинг бошланиши, хорижда ёшларнинг таҳсил олиш кўламининг ортишида намоён бўлмоқда. Ўтган уч йил ичида 3 мингдан ортиқ ўзбекистонлик ёшлар нуфузли халқаро университетларда таҳсил олиб келишган ва энг нуфузли университетлар хусусан, АҚШ, Япония, Канада, Хитой, Россия, Ҳиндистон, Ж.Корея, Малайзия, Индонезия, Сингапур, Туркия ҳамда Европа давлатлари Буюк Британия, Франция, Италия, Испания, Германия, Дания, Австрия, Чехия, Украина, Болтиқ ва Болқон давлатлари шулар жумласидандир. Мазкур уинверситетларда таҳсил олиб қайтган малакали ёшлар мамлакатимизни ҳар томонлама ривожланишига ҳисса қўшмоқда.

 

Интеграциялашув бўйича янги ёндашув

Ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида Ўзбекистон илм-фанида яна бир қатор эътиборга сазовор ишлар мавжуд. 2020 йил Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ёш олимлар кенгаши фаолияти,  Зоология институти Молекуляр биология ва биотехнология лабораторияси ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети Биология факультети Зоология кафедрасида 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб зоология фанининг янги йўналиши бўлган, ҳайвонот оламининг молекуляр систематикаси, филогенияси ва эволюциясини ўрганишнинг катта имкониятларини очиб берувчи “Амалий молекуляр зоология” фани киритилди. Унинг мақсади молекуляр маълумотлар ёрдамида ҳайвонот оламининг таксономияси, биогеографияси, эволюцияси ва филогенетикаси бўйича янги назарий ва амалий билимларни бериш, бу борада ёш олимларни тайёрлашдан иборатдир.

Шунингдек, Фанлар академияси институтларининг халқаро илмий марказлар билан икки томонлама алоқалари мустаҳкамланди. Дори воситаларини ишлаб чиқариш бўйича ўзбек-хитой маркази очилди, қатор институтларда ўзбек-хитой қўшма илмий-лабораториялари ташкил этилди. ЮНЕСКО, МАГАТЭ, МААН ва TWAS каби халқаро ташкилотлари билан алоқалари мустаҳкамланди. Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг хорижий мамлакатларнинг етакчи илмий марказлари ва ташкилотлари билан икки томонлама ҳамкорлиги амалга оширилмоқда. Жанубий Корея ва Туркия компаниялари умумий қиймати 236,6 млн АҚШ долларга тенг ҳамкорлик меморандумлари ва инвестиция шартномалари имзоланди.

Илм фаннинг интеграциясида муҳим бўғин бўлган Стартап экотизими мамлакат учун янги ва истиқболли йўналишларни очиб берди. Шу йиллар давомида бир қанча стартап майдончалар вужудга келди, улар қаторида Туркиянинг илмий технологик тадқиқотлар кенгаши “TUBITAK” ташкилоти ҳамда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда “Tech Central Asia Tashkent” стартап лойиҳалар танловини, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда “Стартап ташаббуслар” танловини келтириш мумкин. Бу ерда янги ғоясини тижоратлаштириш учун ҳаракат қилаётган ёшлар иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, ахборот технологиялари, фармацевтика, ва бошқа бир қанча йўналишларда ўз лойиҳаларини тақдим этмоқдалар. Албатта стартап экотизим учун муҳим бўлган бўғин, венчур фондларини ривожлантириш борасида ҳам давлат ташаббусларни қўллаб-қувватлайди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “UzVС” миллий венчур фонди фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисидаги” 2020 йил 3 ноябрдаги 684-сон қарори қарорига кўра, мамлакатимизда дастлабки устав жамғармаси 15 млрд сўм бўлган миллий венчур фонд ташкил этилди.

Энг муҳим соҳалардан бўлган илмий ишланмаларни тижоратлаштириш ва ишлаб чиқаришга уларни жорий қилиш борасида бир нечта форматда фаолият олиб борилиши йўлга қўйилган:

  • “олим-тадбиркор-банк” учлиги иштирокида илмий ишланмаларни тижоратлаштиришнинг янги тизими асосида 19 та ишланма
    22,3 млрд. сўм эвазига тижоратлаштирилди,
  • “буюртмачи-тадқиқотчи-инвестор” портали ишга туширилиб,
    529 дан ортиқ ишланмалар ва 167 та муаммолар рўйхатга олинди. Портал маълумотлар базасига киритилган 10 та инновацион лойиҳа муаллифлари ҳамда маҳаллий ва хорижий инвесторлар иштирокида музокаралар ўтказилди. Ҳозирда 3 та ишланмани амалга ошириш ишлари бошланди.

Албатта инновацион тадбиркорликни ривожлантириш учун ҳар йили ташкил этиладиган Халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги – “InnoWeek” кўргазмаси ҳам аҳамиятли бўлиб, йилдан йилга бу жараёнга кўплаб хорижий компаниялар қизиқиш билдирмоқда (2018 йили 20 дан ортиқ хорижий давлат, 2019 йилда 34 та мамлакатнинг жами 96 та ташкилотларидан 257 нафар хорижлик вакиллари қатнашди). Хусусан, ҳафталик давомида Арманистон, Жанубий Корея, Исроил, Полша, Туркия, Россия, Хитой ва Ҳиндистон давлатлари компаниялари билан ҳамкорлик меморандумлари ва умумий қиймати 109,5 млн. долларга тенг инвестиция шартномалари имзоланди. “InnoWeek.uz-2019” доирасида Ислом ҳамкорлик ташкилоти билан ҳамкорликда биринчи марта “The Frist OIC Robotics Challenge” халқаро робототехника мусобақаси ўтказилди. Унда 24 та давлатдан 160 нафар хорижий иштирокчилар қатнашди. Ўзининг самарадорлигини кўрсатган ушбу инновацион майдон, карантин бўлишига қарамай 2020 йилда ҳам ўтказилди, бу гал онлайн форматда. “InnoWeek.uz-2020” ҳафталигининг https://www.innoweek.uz/ онлайн платформасига 86 та мамлакатдан жами 22500 дан ортиқ кузатувчилар ташриф буюрган бўлиб, шулардан 5599 нафари бевосита кўргазмани томоша қилишди.

 

Илм фанни ёшартириш янги ёндашув сифатида

Илм фанни ёшартириш юзасидан амалга оширилган ишларга ҳам катта эътибор қаратилиши муҳим бўлиб, иқтидорли ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларни янада жонлантириш, мамлакат илм-фанининг халқаро миқёсдаги рақобатбардошлилигини таъминлаш, мавжуд илмий мактаблар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг инновацион салоҳиятини ривожлантириш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар академияси ҳамда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси 3,8 млрд сўм маблағлар фонди билан ташкил қилинди. Бугунги кунга келиб, Ёшлар академияси аъзолари республика миқёсида сони 1800 нафарга етди. Республикамиз вилоятларида 15 нафар лидерлар танлаб олинди, ёшлар томонидан 83 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Бу ишларнинг давоми сифатида 13 та ҳудудида босқичма-босқич “Ёшлар технопарки”ни ташкил этиш режасини ҳам келтириш мумкин. Ёшларда инновация ва технологик билимларга бўлган интилишни қўллаб-қувватлаш мақсадида мунтазам равишда робототехника мусобақалари ўтказиб келинмоқда. Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасидаги илк халқаро робототехника мусобақаси, “International Robotics Challenge” халқаро робототехника мусобақаси ҳамда “RoboCUP” телевизион мусобақаси турли ёшдаги ўғил қизларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Мусобақа ғолибларига Хитойда ўтказиладиган “Asian Science Camp” тадбирида қатнашиш ҳамда Тошкентдаги Турин политехника университетига ўқишга кириш ҳуқуқи берилди. Ғолибларга 21 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот пуллари ва совғалар топширилди.

Хулоса

Таълим ва инновация, илм-фан ва ишлаб чиқариш  интеграцияси бу босқичма-босқич амалга ошириладиган жараён ва унинг энг дастлабки қадами инновацион экотизимни англаш, уни яратиш учун ҳуқуқий асослар тайёрлаш ҳамда унинг иштирокчилари – инсон ресурсларига эга бўлишдир. Таълим стандартларини илм ва фан интеграцияси замирига қуриш, илм ривожига ёшларни жалб қилиш, фундаментал тадқиқотларни инновацион илмий фаолиятга йўналтириш, олимларнинг янги ишланмаларини тижоратлаштириш бўйича билимни ошириш навбатдаги муҳим вазифалар дейиш мумкин. Бу борада давлат бош назоратчи эмас, бош буюртмачи вазифасини ўташни бошлагани эса, ушбу жараёнда соғлом муҳит борлигини, ривожланиш йўлида бир томонлама эмас, тенг манфаатдорлик асосида иш олиб борилаётганини намоён этади.

Бугунги замон жуда динамик ривожланмоқда, бугун олинган янгилик эртага янги бўлмаслиги мумкин, шунинг учун Ўзбекистон учун стратегик вазифа бир неча илгари ҳолатни кўзлаб илмни ривожлантириш, уни таълим, фан ва ишлаб чиқариш билан интеграциясининг келажакда муваффақиятни кафолатлайдиган йўлга олиб чиқишдир. Буларнинг барчаси айни пайтда Ўзбекистоннинг янги даражага олиб чиқиш бўйича мақсадларига эришиш йўлида муҳим рол ўйнайди.